Ўш вилояти прокуратураси журналист Алишер Соиповнинг ўлдирилиши бўйича жиноий иш терговини қайта бошлайди. Мазкур иш 2013-йили «айбланувчи сифатида тақдим этилувчи шахсни аниқлаш мумкин бўлмагани» сабабли тўхтатилган эди.
Медиа сиёсат институти лойиҳаси координатори Айнура Ешеналиева «Клооп»га берган интервюсида Соиповнинг иши 29-августда қайта очилганини айтди.
«Биз ҳар йили расмийларга ўлдирилган журналистларнинг очилмаган жиноий ишлари бўйича сўров жўнатиб турамиз. Алишер Соипов иши бўйича Бош прокуратурага 12 июл куни сўров юборилган, улар бизга 30 август куни жавоб беришди», - деди Ешеналиева.
Марҳум журналистнинг укаси Шохрух Соипов «Клооп»га тергов мобайнида диншунос Иқболжон Мирсаитовнинг кўрсатма беришини талаб қилишаётганини билдирди. Соипов ўлдирилган куни Мирсаитов журналистнинг ёнида бўлган.
«Мирсаитов акам [Алишер Соипов] дўстона ҳамкорликда бўлган. Воқеа бўлгандае бери ўн икки йил ўтса ҳам умуман гаплаша олмадик, бошқача айтганда биздан қочиб юрибди. Ҳеч бўлмаганда тергов давомида [Мирсаитов билан] учрашишга тайёрмиз. Оиламиз уни қандайдир бир нарсага айбдор дейишдан йироқ. Жабрланувчи қатори унинг ҳам фикрини эшитмоқчимиз. Айниқса ота-онам акамнинг охирги соатдаги аҳволи ҳақида билишга интизор», — деб тушунтирди Соипов.
Мирсаитов «Клооп»нинг журналистига изоҳ беришдан бош тортди. «Жиноят иши тикланган бўлса, тиклангандир. Чиндан ҳам бу ҳақда ҳеч нарса айта олмайман. Бундан кейин қандай бўлишини кўрармиз», — деди диншунос.
Журналист Алишер Саиповнинг ўлими
Алишер Саипов 2007 йилнинг 24-октябрида ўлдирилган. Кечка яқин ишдан уйига қайтаётган вақтда номаълум одам икки марта бошига ва бир марта ўнг оёғига топонча билан отган. Соипов 26 ёшида ўлдирилиб, ортида рафиқаси ва қизи қолди.
2009-йили журналистни ўлдиришга гумонланиб Боткен вилоятидаги Лайлак туманининг турғуни Абдулфарид Расулов қўлга олинган. Икки йилдан кейин Олий суд тарафидан Расулов қамоқдан чиқарилган. Унинг қариндошлари судга жиноят содир этилган куни қариндошлари билан бирга тўйда бўлганини исботловчи видеокассета топширишган.
Соипов бир неча халқаро ОАВларда мухбир бўлиб ишлаган: «Озодлик» ва «Америка овози» радиоларида ишлаган ҳамда «Фергана.ру» ахборот агентлигининг Қирғизистондаги вакили бўлган.
Кейинчалик Соипов «Сиёсат» деб аталган ўзбек тилида нашр қилинган газетага асос солган. У биргина Қирғизистонда эмас, Ўзбекистоннинг чегара ҳудудларида ҳам ўз ўқувчиларини топган.