Ақаев Қирғизистонга келса сўроққа чақирилади — Бош прокуратура

492

Бош прокуратура 23-августда билдиришича, агар собиқ президент Асқар Ақаев Қирғизистонга қайтиб келадиган бўлса сўроққа олиниб, харакатларига ҳуқуқий баҳо берилади.

Сўроқ яқин қариндошлари қилган жиноятларга унинг алоқаси бор-йўғини аниқлаши керак. Бош прокуратура ОАВлардаги муҳокамалар сабаб Ақаевнинг оиласига ва яқин одамларига қарши жиноий ишлар бўйича огоҳлантирди.

Муҳокамалар Бермет Ақаеванинг яқинда Қирғизистонга келиши сабаб юзага келган. Қочқин президентнинг айтишича, у «қариндошлари билан учрашгани борган».

Бош прокуратурадан Ақаевнинг турмуш ўртоғи Майрам Ақаева бошқарган «Мээрим» хайрия жамғармасининг фаолиятига боғлиқ 30дан ортиқ жиноят иши қўзғалганини хабар қилишди.

Идоранинг маълумотига кўра, фонднинг фаолиятидан теккан зиённинг қиймати 64 млнс омни ташкил қилган, ўнлаган бинолар ва бошқа мулклар эса давлат ҳисобига қайтарилган.

Ақаевнинг аввалги куёви Адил Тойгонбаевга «Товламачилик», «Солиқ тўлашдан бош тортиш» каби моддалар бўйича мулкини мусодара қилиш билан бирга 20 йилга озодликдан ажратиш ҳукми чиқарилган. Шунингдек суд унга «Манас» аэропортининг фойдасига 10 миллион долларга яқин пул тўлаб бериш масъулиятини юклаган.

Қочқин президентнинг ўғли Айдар Ақаевга қарши тўрт жиноят иши қўзғалган ва уларнинг келтирган зиёни 3 миллион долларни ташкил қилган. Бош прокуратуранинг ишонтиришича, яна 11 жиноят ишида «унинг айбдор эканига бевосита ва билвосита далиллар» мавжуд.

Назорат органи билдиришича, халқаро қидирувга қочқин президентнинг ўғли Айдар Ақаев, куёви Адил Тойгонбаев ҳамда бошқа қариндошлари берилган.

Ақаев 2019 йилнинг март ойида россиялик журналистларга Қирғизистонга қайтиб келиши мумкинлиги ҳақида билдирган. У «[қайтиб келиш учун] расмий тўсқинликлар йўқ» эканини таъкидлаб ўтган.

Асқар Ақаев — 2005 йили 24-мартда Қурманбек Бакиев бош бўлган муҳолифат тарафидан қулатилган Қирғизистоннинг илк президенти. У коррупцияда айбланган оиласи билан бирга Москвага кўчиб кетган ва ўша вақтдан бери илмий фаолият билан шуғулланмоқда.