«У бировга ёмонлик қиладиган бола эмас. Беш опасини турмушга беришда барча харажатларни бир ўзи кўтарди», — дейди Швецияда теракт тайёрлашда ва молиялашда айбланган 39 ёшдаги Атабекнинг онаси Азиза Абдуллаева.
Аввалига у боласи ҳақида айтиб беришдан ва журналистлар билан учрашишдан бош тортиб турди. Атабек туғилиб ўсган Ўш вилоятининг Найман қишлоғи Ўзбекистон билан чегарадош. Унинг ҳамқишлоқлари ҳам Атабекнинг қўлга олинганини ташвиш билан қарши олиб, бу мавзуда гаплашишдан узоқроқ бўлишга харакат қилишди. Интервью беришга рози бўлганлар ҳам жуда оз гапиришди.
Онаси Атабек ота-онасига, қариндошларига ғамхўр ва эътиқодли одам бўлган дейди. Фарзанди беш вақт намоз ўқиб, оғзига бирор марта ҳам спиртли ичимлик олмаганини, бунгача сигарет ҳам чекмаганини қўшимча қилди. Унинг айтишича, ёлғиз ўғли кўп йилдан бери Россияда қурилиш тармоғида ишлаб мигрант бўлиб юрган. Шундан кейин Литвадан Қирғизитонга автомобилларни олиб келиб сотган.
Азиза Абдуллаева ўғлининг айрим сафарларига бирга ҳам борган. Швецияга Атабек ўзи кетган, лекин ўғли Қозондаги ислом университетига топшираётганда ёнида бўлган. «Ўқиётганда шартнома ҳақи кўтарилиб кетди. Бу вақтда кичкина қизимни турмушга бериш керак бўлиб қолиб, шу билан ўқишини ташлашга мажбур бўлди. Бу йил келганда таълимни давом эттирмоқчилигини айтган. Болам “она сизни ҳажга олиб бораман” деб айтган эди», — дейди у. Она ўғлига қўйилган швед ҳукуматининг айбловларига ишонмайди, у суд фарзандини оқлашидан умидвор.
Атабекнинг отаси Турғунбой Абдуллаев қишлоқда такси ҳайдовчиси бўлиб ишлайди — интервью беришни сўраганимизда «бундан ҳеч қандай фойда чиқмайди» деб, ўғли ҳақида айтиб беришга рози бўлгани йўқ. Унга ўғли Отабек тирикчилик учун автомобил олиб берган экан.
Абдуллаевнинг рафиқаси Феруза Кадирова ҳозирда Ўш шаҳрида даволанмоқда. У ҳам журналистлар билан гаплашишдан бош тортди, лекин турмуш ўртоғининг айбдор эканига ишонмаслигини таъкидлади.
Отабекнинг маҳаллий мактабдаги ўқитувчиси исмини айтишни истамади. У ҳам ўқувчисининг айбдор эканлигига ишонмаслигини айтди. Охирги марта Абдуллаевни уч йил аввал кўрганлигини ва у динга берилиб кетганига гувоҳ бўлиб, буни яхши қабул қилганини яширгани йўқ. «Мен ҳам яқинда набирамни масжидга дин ҳақида тушунчаси пайдо бўлсин деб юбордим. Энди билмасам, Отабекни кимдир йўлдан оздирдими, лекин унинг айбдор эканига ишона олмайман», — деб сўзини хулосалади у.
Маҳаллий имом Женишбек Намановнинг сўзига кўра, бу каби воқеа Найман қишлоғида биринчи марта бўлмоқда — жума намозидан олдин ҳам радикализмнинг зарари ҳақида огоҳлантирилади дейди Наманов. У Отабекнинг бошқалардан фарқланмаслигини айтиб, эл қатори масжидга келиб-кетганини эслатди: «У ҳам қуръонни араб тилида ўқир эди. Қандай қилиб теракт тайёрлашда гумлндорлар билан қўлга олиниб қолгани бизга ҳам тушунарсиз».
Ўш вилоят ички ишлар бошқармасидан Абдуллаевнинг қонун бузарлик харакатлари бунгача рўйхатга олинмаганини маълум қилишди. ВИИБнинг матбуот котиби Женишбек Аширбаев Абдуллаев Швецияда қўлга олингани ҳақида янгилик тарқагандан кейин унинг турар эойи маълумот базасидан текширилганини айтди — у Қирғизистонда ҳеч қандай тақиқланган ташкилотларнинг аъзоси бўлмаган.
Аширбаев шубҳали сифатида қўлга олинган қирғизистонликка яхши характеристика берди. «[Абдуллаев] яхши оилада катта бўлган, онаси олий таълим олган, ўқитувчи бўлиб ишлаган. Отаси ҳам ўз иши бор киши бўлган», — деди у.
Аширбаев Абдуллаевнинг яқинлари айтган биографик маълумотларни тасдиқлади. Милициянинг маълумоти бўйича Отабек чиндан ҳам Россияда мигрант бўлган ва автомобилларни Болтиқ бўйидан Қирғизистонга олиб келиб ишлаган. «2014 йили Россиядан депортация қилинган. 2017 йили у Туркия орқали Польшага, ундан кейин Швецияга кетган», — деди матбуот котиби.
Абдуллаевнинг Швецияда қўлга олиниши
2018 йилнинг апрелидан бошлаб швед полицияси терактларга тайёрланиш бўйича гумондорларнинг бир қанчасини қўлга олган. Уларнинг орасида 39 ёшдаги Отабек Абдуллаев бор бўлган. Декабрнинг охирида Абдуллаевга қарши терактга тайёрланиш ва «Ислом давлати» (ИД) экстреммистик ташкилотини молиялаш бўйича даъво қўйилган. Прокуратуранинг маълумотига кўра, Абдуллаев ва бошқа қўлга олинганлар бу йўналишдаги жангалриларга пул ўтказишган. Гумондорларнинг орасида Абдуллаевдан бошқа Ўзбекистоннинг яна беш фуқароси бор.
Айбланганларнинг уйидан портловчи моддаларни тайёрлашда қўлланиш мумкин бўлган пичоқ, махсус жиҳозланган кийим-кечак ҳамда химикатлар топилган. Қўлга олинганларга қўйилаётган айблар уларнинг ижтимоий тармоқлардаги ёзишувларининг ва ўзларининг ундаги хатти харакатлари асосида тузилмоқда. Полиция улар «тўй» сўзини «теракт»нинг ўрнига ва «автомобилни ясатиш» сўзини «мина қўйиш» ўрнига қўлланишган деб ҳисоблайди.
«Тўй машинасини безатиш учун яна биров керакми? Агар истасанг мен сенга машинани безаш бўйича видео жўната оламан. Мен автомобилни безатиш бўйича шуғулланувчи қариндошларимга ҳам ёзаман», — қўлга олинганлардан бирининг хат ёзишмасидан олинган парчани «Экспрессен» нашри эълон қилган.
Швед ОАВларининг билдиришича, 39 ёшли Отабек Абдуллаев 30-апрелда қўлга олинган. Унинг компьютери ва телефонида «ИД террор ташкилотини қўлловчи материаллар» топилган. Полициядан билдиришларича, Абдуллаев иш берувчидан олган қалбаки справкаси билан Handelsbanken банкининг мижози бўлишга харакат қилган.
«Клооп» таҳририяти Абуллаевнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини ўрганиб чиқиб, унда экстремизмни тарғиб қилишга боғлиқ маълумотларни топгани йўқ. «ВКонтакте» тармоғида диний гуруҳлардан ташқари, Европага иммиграциялаш ва хазил паблик гуруҳларга ёзилган. Бундан ташқари у қурол-яроққа қизиққанлан учун бағишланган гуруҳда рўйхатдан ўтган.
Швед прокуратураси Абдуллаевнинг профилидаги бу маълумотлар унга йўналтирилган айбловга қўшимча деб ҳисоблайди. Агарда қирғизистонликни айбдор деб топишса, у тўрт йилдан то умр бўйи озодликдан ажратилиши мумкин.
Муҳаррирлар: Эльдияр Арикбаев, Элвира Султанмурат кизи