Қирғизистон президентига қарашли шафқат кўрсатиш бўйича комиссия собиқ президент Роза Отунбаеванинг муҳолифатчи сиёсатчи Омурбек Текебаевга шафқат қилиш илтимосини қабул қилгани йўқ. Рад қилинишининг сабабини судланган шахс ўзи мурожаат қилиши керак деб тушунтиришди.
Комиссия билдирганидек, Отунбаеванинг илтимосномасига олти парламент фракциянинг лидерлари қўл қўйишганига қарамай авф этиш бўйича аризани Омурбек Текебаев ўзи бериши керак.
Лекин, Текебаев ўзига шафқат сўрамаслигини бир неча бор эълон қилган — у ўзига очилаган жиноий ишни «сиёсий» деб атаган.
Сиёсатчи қўшимча қилиб ўтганидек, у ўз жазо муддатининг кўпини ўтаб бўлган ва ётоқ қамоғига ўтказилишга ёки муддатидан аввал бўшатилишга ҳақли. Текебаев озодликка чиққандан кейин ўзининг айбсиз эканини исботлаб беришини айтган.
Собиқ президент Роза Отунбаева ўзининг илтимосини президент Сооронбай Жээнбековга 25-декабрда йўллаган. Отунбаева ўз мурожаатида Текебаевга қарши ишни «сиёсий буюртма ва чет эллик товламачининг туҳбати» деб атаган. Шунингдек у парламент фракцияларининг лидерларидан қўллов кўрсатишни сўраган, лидерлар унинг илтимосномасини қўллаб имзо қўйишган.
Президент Сооронбай Жээнбеков 19-декабрда Текебаев ўзи авф сўрамаса ҳеч нарса қила олмаслигини айтган.
Бунга қадар 2018 йили майда собиқ омбудсмен Кубат Оторбаев президентга Текебаевга авф беришни илтимос қилиб мурожаат қилган. Ўша вақтда Текебаев авфнинг кераги йўқлигини, чунки ўзини айбдор деб ҳисобламаслигини айтиб жавоб берган. Сиёсатчи сафдошлари билан ўз ишини қайта кўриб чиқишни талаб қилади.
Текебаев қандай қилиб коррупция бўйича судланган?
«Ата Мекен» муҳолифат партиясининг лидери Омурбек Текебаев 2017 йили 8 йилга судланган. Лекин кейинчалик унинг қамоқ муддати 4,5 йилгача қисқартирилган. Сиёсатчи 2021 йили чиқиши керак.
Текебаевни россиялик тадбиркор Леонид Маевскийдан 1 млн доллар пора олганликда айбдор деб топилган. Тергов версияси бўйича, Текебаев бу пулга тадбиркорга «Мегаком» алоқа операторини бошқаришга имкон яратиб беришни ваъда қилган.
Текебаев судда ўзига қўйилган айбни бўйнига олмай, жиноий ишни «сиёсий харакатда» деб атаган. У ўзига қарши қўйилган айбларни ҳукуматга нисбатан айтган танқидлари билан боғлаган. Ҳозирда Текебаев Бишкекнинг №47 қамоғида жазо муддатини ўтамоқда.
2018 йили ноябрда Москванинг Тверь суди Маевскийни 37,5 млн доллар таъма қилиш иши бўйича қамоққа олган. Агар унинг айби исботланса, тадбиркор 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.