Россия президенти Владимир Путин Қирғизистоннинг 240 млн доллар қарзини кечиш бўйича протоколга қўл қўйди.
Путиннинг буйруғи Россиянинг ҳуқуқий маълумотлар порталида 5-февралда чиққан. Қарздан кечиш натижасида Қирғизистоннинг давлат қарздорлик миқдори 6,5 фоизга қисқарган.
«Молиявий томондан олиб қараганда, Россия учун Қирғизистоннинг қарзидан кечиш федерал бюджетга тушаётган даромадларнинг озайишига олиб келмайди, сабаби 2016-йилнинг 5-мартидан кейинги шартномага кўра, дебитордан Россиянинг фойдасига ҳеч қандай тўловлар кўрсатилган эмас», — дейилади ҳужжатда.
Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев 2017-йилнинг февралида Россиянинг президентига қарздан кечиш бўйича мурожаат қилган. Апрель ойида ҳужжатга Россиянинг премьер-министри Дмитрий Медведев имзо қўйган.
Қирғизистонда 2017-йилнинг ноябрида қарзни ратификациялаш бўйича ҳужжатни Жогорку Кенеш қабул қилган, бир ойдан сўнг уни президент Сооронбай Жээнбеков имзолаган.
Қонунни 2012-йили Россия Қирғизистоннинг деярли 489 млн доллар қарзидан кечишга рози бўлгандан сўнг тайёрлашган.
Аввалги 188,9 млн долларни 2013-йили кечган. Қолган 300 млн долларни ўн йил ичида 2016-йилдан бошлаб 2025-йилларгача йил сайин 30 млн доллардан кечишни қарор қилишган.
Россия 2017-йилда Қирғизистоннинг 60 млн доллар қарзини кечган ва Қирғизистоннинг давлат қарзи 240 млн долларга қисқарган. Умумийси сўнгги 11 йилда Россия Қирғизистоннинг 703,2 млн доллар қарзини кечган.