Ўзбекистон билан Қирғизистоннинг ҳукумат вакиллари чегаранинг минга яқин чақиримини келишишгани тўғрисидаги шартномани имзолашди. Ҳужжатга кўра, ўлкалар орасида энди чегара бўйича даъво йўқ. Шартномага давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев билан Алмазбек Атамбаев имзо қўйиши керак, бироқ бу қачон бўлиши номаълум.
Ўзбекистоннинг ташқи ишлар министри Абдулазиз Камиловнинг айтишича, қирғиз-ўзбек чегарасининг 58 участкасида 300 чақирим ергина келишилмай қолди. Ўзбекистон билан Қирғизистон чегарасининг узунлиги 1370 чақиримга тенг.
«Биз Қирғизистон билан ҳамкорликда кўп йўналишлар бўйича муваффақиятга эришдик. Аниқроқ айтганда, биз чегараларни демаркация ва делимитация қилиш каби муҳим масалада. Бугун биз деярли минг чақиримни аниқлаб битдик ва бу икки томондан ҳам аниқланган чегара эканлигини тарихда қолдириш учун келишувни тайёрламоқдамиз», — деди у журналистлар билан 16-апрелда бўлган учрашувда.
Қирғизистоннинг премьер-министри Сооронбай Жээнбековнинг сўзларига кўра, 2016-йилга нисбатан Ўзбекистон билан чегаранинг 76,5 фоизи аниқлаб битилган.
Жээнбеков 17-апрелда чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича иш олиб борилаётганини, икки ўлканинг делегациялари ҳар ойда учрашаётганини айтди.
«Барча чегараларни улар пиёда юриб аниқлашмоқда. Тўрт кун аввал менга Ўзбекистоннинг премьер-министри қўнғироқ қилиб, улар бу бўйича ишлага ва ҳужжатларни имзолашга тайёр эканлигини айтди», — деди у.
Ташқи ишлар министрлиги матбуот марказининг ходими Айимкан Кулукеева Қирғизистоннинг ТИМи президент Алмазбек Атамбаевнинг Ўзбекистонга боришга тайёрланаётганини айтди. Давлат раҳбари иш сафарининг аниқ муддати ҳозирча номаълум.
«Аввал келишилган графикка кўра, чегара бўйича ишчи гуруҳнинг сўзлашувлари давом этмоқда», — деб айтилади билдирувда.
Қирғиз-ўзбек чегараси бўйича сўзлашувлар Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг ўлимидан кейин жонланди.
Чегара можаролари
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги ҳал қилинмаган чегара сабабли можаролар Совет иттифоқи қулагандан кейин келиб чиққан. Совет вақтида бу ўлкаларнинг административ чегараси маҳаллий рельефни ҳисобга олмасдан чизилган.
СССР тарқагандан кейин чегаранинг бундай шартли бўлиниши можароларга сабаб бўлган. Ҳозир Қирғизистон ҳудудида тўрт ўзбек анклави — Сўх, Шоҳимардон, Чон-Гара ва Таш-Добо бор. Ўзбекистонда тўрт квадрат чақирим майдондаги Барак қирғиз анклави жойлашган. вақти-вақти билан бу ерда келишмовчилик бўлади.
Бундан ташқари можароларга чегаранинг аниқланмаган жойлари ҳам сабаб бўлади. Тортишув яратган Унгар-Тоғ ва Орто-Токой (Косонсой) сув омборлари бўйича охирги можаро 2016-йилнинг августида бўлган.
У вақтда 20 ўзбек милиция ходими Қирғизистоннинг ретрансляция минораси жойлашган Ўнғор-Тоғни эгаллаб олган. Минорада ишлаган ходимларни — Қирғизистон фуқароларини — ўзбек милиция ходимлари ушлаб, улар Ўзбекистоннинг Янгиқўрғон милиция бўлимида 16 кун бўлишган.
Ўзбек томон Орто-Токой сув омборидан қирғиз назоратини олиб ташлашни талаб қилган.
Узоқ давом этган сўзлашувлардан кейин қирғиз нженерлери қўйиб юборилган. Деярли шундан кейин ўзбек милиция ходимлари баҳсли ҳудуддан чиқиб кетишган.
Муаллиф: Александра Титова