Петербургдаги террор ҳужумининг таҳминий ташкилотчиси Аброр Азимов ҳақида нималар ёзишмоқда?

875

Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Петербург метросидаги террористик ҳужумнинг тахминий уюштирувчиси, 27 ёшдаги Аброр Азимовни қўлга олди. Қирғизистонда туғилиб, кейин Россия фуқароси бўлган бу шахс тўғрисида нималар маълум?

Россиянинг махсус хизматлари Аброр Азимовни Подмосковьенинг Одинцово районида 17-апрелда қўлга туширди. Қўлга олиш жараёнини ФХХ ходимлари тасвирга олишган — видеода Азимовнинг ёнидан ўқланган тўппонча ва смартфони ва портловчи мосламалар бор бир елим халта топилгани кўриниб турибди. Тезкор ходимларнинг «Нима учун ушланганини биласанми?» деган саволига Азимов «Ҳа» деб жавоб беради.

«Коммерсант» нашрининг хабарига кўра, Азимов Петербург метросида террор ҳужумда ўзини портлатди деб тахмин қилинган Акбаржон Жалиловнинг телефон алоқаларини махсус хизматлар текширгандан кейин қидирила бошлаган.

Тахминлар бўйича Жалилов 15 кишининг умрига зомин бўлган портлаш олдидан Азимовга қўнғироқ қилган.

ФХХ Азимовга қидирув эълон қилгандан кейин у ўзининг ижарадаги уйига келмай, телефонларини ўчириб қўйган. Нашрнинг маълумот манбаалари билдиришича, Азимов бир неча смартфон ва сим-карта сотиб олган. ФХХ хизматлари у ана шуларнинг биридан фойдаланганда унинг турар жойини аниқлашган.

Россиянинг Тергов комитети Азимовни жиноят иштирокчиси деб, унинг террористик ҳужумдаги ролини аниқламаган, бироқ ФХХ уни уюштирувчи қатори ушлади.

Азимовнинг ўзи террор уюштиришдаги айбини тан олмаган.

«Қамоққа олинишимга қаршилигим йўқ, бироқ портлашга алоқам бор деб айтган эмасман. Мени иштироким бор, бироқ тўғридан-тўғри эмас», — деб билдирди у.

Азимовнинг сўзларига кўра, унга буйруқ берилган, бироқ у террор ҳужумга ким иштирок этишини билмаган. Ким, қандай буйруқ бергани ҳозирча номаълум.

ҚРда туғилган Россия фуқароси

Аброр Азимов (Акбаржон Жалилов каби) — Қирғизистонда туғилган Россия фуқароси. У Қирғизистон жанубидаги унча катта бўлмаган Жалолобод шаҳрида 1990-йили туғилган. 2013-йилгача Азимов Қирғизистон фуқароси бўлган, бироқ кейин Россия фуқаролигини олган.

«Медуза» нашрининг маълумотига кўра, Азимовнинг отаси Россиянинг, онаси Қирғизистоннинг фуқароси. Азимовнинг ўзи Россияда 2008-йилдан бери яшайди.

«Коммерсант» билдиришича, Россия фуқаролигини олганига қарамасдан у Қирғизистонга ўрта ҳисоб билан бир йилда бир марта келиб турган.

Петербургдаги «Фонтанка» нашрининг ёзишича, Жалилов каби Азимов ҳам террористик ҳужумдан кейин 2016-йилнинг мартида ва октябрида Туркияга бориб келган. «Москвадан Истанбулга учиб бориб, [Россиянинг] пойтахтига уч кундан кейин Сеул ва Владивосток орқали қайтиб келган», — деб ёзади нашр.

Бироқ Азимовнинг Туркияга боришидан мақсади ҳам, унинг бирор бир террористик ташкилотлар билан алоқаси ҳам аниқланмаган.

Петербург метросидаги портлаш

Петербург метросидаги портлаш 3-апрелда бўлган «Сенная площадь» ва «Технологический институт» станцияларининг орасида метро вагонидаги портлаш натижасида 15 киши ҳалок бўлиб, 50дан ортиқ одам жароҳатланган. Портловчи қурилма вагондаги ўтиргич остига қўйилган.

Ўт ўчиргич каби ясалган иккинчи портловчи қурилма «Площадь восстания» станциясидан топилиб, зарарсизлантирилган.

Террор ҳужумнинг тахминий ижрочиси қатори Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилиб, кейин Россия фуқаролигини олган Акбаржон Жалиловнинг номи айтилган.

«Интерфакс» маълумотига кўра, Азимов Жалиловни «жонли бомба» қатори

Акбаржон Жалилов

фойдаланган бўлиши мумкин. Ҳуқуқ тартибот органларидаги маълумот манбаси нашрга билдириши бўйича, Жалилов худкуш-террорчи бўлиб қолишини билмаган бўлса керак.

«Жалиловнинг сўнги вақтдаги ҳатти-ҳаракатлари, бундан ташқари у кейинги вақтдагина радикал исломнинг тарафдори бўлгани худкуш тўғрисидаги сценарийга унча мос келмайди. Бундай категориядаги одамларни атайлаб ва кўп вақт давомида тайёрлашади», — дейди Жалилов тўғрисида «Интерфакс» билан сўзлашганларнинг бири.

Террористик ҳужумдан кейин ФХХнинг раҳбари Александр Бортников 11-апрелда Россиядаги «террор гуруҳларнинг ўзаги» — МДҲ ўлкаларидан келган муҳожирлар эканлигини билдирган.

Рус полицияси террористик ҳужумга алоқаси бор деган гумон билан умумий саккиз кишини қўлга олди. Ҳозирча террор ҳужум учун жавобгарликни бирорта ҳам террористик гуруҳ ўз зиммасига олмаган.

Муаллиф: Нуржамал Жанибекова