Россиянинг ҳукумат вакиллари 22 ёшдаги Акбаржон Жалиловни Петербург метросида ўзи доҳил 14 киши қурбон бўлган террор ҳужуми бўйича айблашди. Унинг болалиги ўтган Ўшдаги яқинлари уни қандай инсон қатори эслаб қолишди?
Петербург метросида 3 апрелда портлаш бўлиб, унинг натижасида 14 киши халок бўлиб, ўнлаган одамлар жабрланган. Россиянинг Тергов комитети асосий шубҳали деб болалигини Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида ўтказган Россиянинг фуқароси, 22 ёшдаги Акбаржон Жалиловни эълон қилди.
Kloop.kgнинг мухбири Акилай Каримова Ўшдаги Акбаржоннинг яқинлари билан суҳбатлашиб, тергов версияси бўйича бўйича йўловчилари бўлган вагонда ўзини портлатиб юборгани айтилган 22 ёшдаги бу йигитни улар қандай шаклда эслашларини билиб келди.
«Оиладаги энг қобил бола эди»
Акбаржоннинг яқинлари унинг Санкт-Петербургдаги террор ҳужумига алоқадорлиги ҳақидаги хабардан хали ҳам шок ҳолатида. «У эртаю кеч ишлаб юрса, спорт билан шуғулланса, дўстлари билан суҳбатлашиб турса у қандай қилиб террор гуруҳлари қаторида бўлиши мумкин?» — деб сўрайди Акбаржоннинг келиноийси Ёрқиной.
У Акбаржон намоз ўқиб, масжидга ҳар жума борганини, лекин мутаассиб диндор бўлмаганини айтди.
«Бошқалар каби намоз ўқирди. Ўқиса нима бўпти? Ҳаммамиз мусулмонмиз? Бироқ у унақа ҳаддан ортиқ эътиқодда эмас эди. У урфдаги йиртиқ-йиртиқ жинси шим кийган болалардан эди», — деди келинойиси.
Унинг айтишича, Акбаржон оиладаги энг қобил бола бўлган.
«Қозон ос десанг осади, ўзи ўтин ёради. "Укаларингни қараб тур" десанг сўзсиз қарайди. Унга қараганда опаси ҳам уй ишларига унчалик ёрдам бермас эди», — деди келинойиси.
Акбаржоннинг ота-онаси Kloop.kgга изоҳ бера олмади — уларни қирғиз махсус хизматлари ўғлининг метродаги террор ҳужумига алоқаси тўғрисида сўроққа олишгандан кейин улар Санкт-Петербургга учиб кетишган.
«Кўнгли бўш ва тортинчоқ»
Биринчи саккиз синфини Акбаржон Токтогул Сатилганов номидаги №26 мактабда ўқиган. Ўқитувчилари уни “расм чизишни яхши кўрган”, “оқ кўнил, юввош бола” қатори эслашади.
Фотима Қодирахунова Акбаржонга ўзбек тили ва адабиётидан дарс бериб, унинг синф раҳбари бўлган. Унинг айтишича, Акбаржон “кўнгли бўш ва тортинчоқ” бўлган.
«Унинг устидан ҳеч ким ҳеч қачон арзланмас эди. Мен унинг муштлашиш тугул бировга ёмон гап айтганини кўрмаганман», — деб эслайди Қодирохунова. .
У Акбаржоннинг дарсларни ўзлаштира олмаганидан бошқа ҳеч қандай шикояти бўлмаганини айтади. Жалилов ўртача ўқиган экан — рус тили ва информатикадан яхши баҳо олиб, ўзбек тилидан эса уч олар экан.
«Мен ундан нима учун диктант ва назорат ишидан ёмон баҳо олганин қаттиқроқ сўраб қўйсам ҳам йиғлаб юборарди. Қизлар ҳам ундай қилмаган.», — дейди у.
Қодирахунов унинг собиқ ўқувчиси террор ҳужуми бўйича шубҳаланилаётгани ҳақида мактаб директоридан билган, у уни метродаги портлашнинг эртаси куни мактабга келган журналистларга Акбаржон ҳақида маълумот беришни илтимос қилган.
Ўқитувчиси журналистлар тергов хулосасини кутмай туриб Жалиловни “худкуш террорчи” деб аташганидан хафа бўлди.
«Уй қуришни истарди»
Акбаржоннинг исмини айтишни истамаган дўсти ва қўшниси метрода террор ҳужуми ҳақида одам ташиб юриб ярим тунда билган. У бу хабардан ўзини йўқотиб, дўсти худкуш-террор бўлиши мумкин эканига ҳеч ишонмаган.
«Мен автомобилда ўтириб «Фэйсбук»ни кўраётган эдим. Бир ерда ҳудкуш-террорчининг фамилиясини билан янгилик юрибди. Унга ҳам унчалик эътибор қилмадим. Бошқа бир хабарда унинг суратини кўриб хайрон қолганимдан сакраб тушдим. Дарров уйга келиб, отамни уйғотиб, суратни кўрсатиб, у (Акбаржон) метрони портлатган деб айтилаётганини билдирдим», — дейди у.
Қўшниси Акбаржонни доимо кулиб юрган оқ кўнгил, масъулиятли йигит қатори хотирлайди. У дўстининг қайсидир бир террор гуруҳига ёки диний оқимларга аралашганига ишонмайди.
«Ундай бўлиши мумкин эмас. Чунки у ўзи ҳам, оиласидагилар ҳам ундай эмас эди. У меҳнаткаш йигит эди, мен унинг диний радикализм томонга ўзгараётганини ҳам пайқамаганман. Ҳа, биз масжидга бориб намоз ўқиймиз. Лекин бу ҳаммамиз фанатмиз дегани эмас-да», — дейди у.
«У билан гаплашиб кўрсангиз, у ҳақида ёмон ўйлагандан ҳам уялар эдингиз. Менинг дўстларим ва танишларим кўп, лекин мен “жинни” деб ҳам уришмаган ягона дўстим ўша эди. Шундай яхши бола эди», — деб сўзини давом эттирди қўшниси.
У Акбаржон уй қуриш учун пул топишни истаганини, “ўлгиси ёки ўлимга тайёрланган одамга ўхшамаганини” айтди.
«У уйда фарзандларнинг каттаси эди, бизнинг одатга кўра у алоҳида уй қилиб, ота-онасининг уйи эса энг кичигига қолиш керак. Шу сабабдан у яна пул топиб, ўзига уй қуришни режалаштириб юрган», — деди у.
Акбаржоннинг дўсти ҳозир бир пайтлар Жалилов билан дўст бўлганларнинг бари уни танишини инкор қилишаётганини айтди — улар махсус хизматларнинг таъқибидан қўрқишаётган экан. Леки у ўзи дўстидан воз кечмоқчи эмас, чунки “Акбаржон менга ҳам, бошқаларга ҳам ҳеч қандай ёмонлик қилмаган” деб ҳисоблайди.
Муаллиф: Акилай Каримова