Атамбаев журналистларни президент сайловлари олдидан вазиятни барқарорсизлаштиришга уринишда айблади.

702

Бош прокуратура Атамбаевнинг номуси ва шарафини ҳимоя қилиш мақсадида “Азаттык” ва “Заноза” нашриётларига қарши даъво очгандан сўнг илк бор Қирғизистон президенти журналистларга қарата ўз фикрини билдирди. Журналистлар ноябрда бўлиб ўтадиган президент сайловлари олдидан Қирғизистондаги барқарор вазиятни бузишга ҳаракат қилишмоқда, дейди Атамбаев.

Алмазбек Атамбаев журналистларга бўлган эътирози билан дастлаб Россиянинг “Регнум” газетасининг мухаррири Григорий Михайлов Қирғизистондан чиқариб юборилган куннинг эртасига омма қаршисига чиқди. Бундан бир неча кун аввал эса бош прокуратура “Азаттык” ва “Заноза” нашриётларининг журналистларига кўплаган миллионлик иқтисодий даъво қўйган эди.

“Сўнгги пайтларда Қирғиз Республикасида сўз эркинлиги шиори остида иш юритаётган баъзи мустақил журналистлар, ОАВ ва сиёсатчилар тўдаси уларга ёқмаган шахсларни, биринчи навбатда мустақил Қирғизситон халқи томонидан сайлаб олинган президентига деярли жавобгарчиликсиз туҳмат қилиб, устидан ахлат ағдариш ҳуқуқини талаб қилишмоқда”, -  Атамбаевнинг 11-мартдаги билдирувида.

Таъкидланишича , “ёлғон, туҳмат ва бўҳтон кампанияси” алоҳида ОАВда ва ижтимоий тармоқларда бир неча йилдан бери юритилмоқда ва бу ҳаракатлар 2016 – йилнинг ёзида Кирғизистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш ташаббусидан буён анча кучайган.

“[...] Мустақил каби кўринишга уринаётган бу журналистлар, ОАВ ва баъзи сиёсатчиларнинг асл мақсади ҳақиқатни излаш эмас, аксинча, ноябрдаги янги президент сайловлари олдидан Қирғизситондаги стабил вазиятни бузиш, ҳисобланади,  - дейилади билдирувда. - [...] Масъул давлат органлари бу сўз эркинлигинг сохта курашувчиларига қарши керакли чоралар кўриш пайти келди, қонун олдида фақат халқ сайлаган президентгина эмас,  ҳамма жавобгардир”.

Президентнинг журналистларга бўлган танқиди Россиянинг “Регнум” интернет-газетаси мухаррири Григорий Михайловни Қирғизистонданчиқариб юборилганининг эртаси куни эълон қилинди.

10-март оқшомида Михайловнинг хабар беришича, уни Бишкекда ИИБнинг 10-бўлими ходимлари ҳужжатларни текшириш мақсадида тўхтатишган. Михайловнинг ёнида ҳужжатлари бўлмаганлиги сабабли милиция ходимлари унинг уйига биргаликда бориб паспортини кўрсатишини таклиф қилишган.

Михайловнинг сўзларига қараганда, муддати ўтган рўйхат қоғозини (регистрация) кўрган милиция ходимлари уни ҳизмат машинасида қирғиз-қозоқ чегарасига олиб бориб, қайта рўйхатдан ўтиш учун чегарадан ўтиб ва яна Қирғизистонга қайтиб киришини таклиф қилишган.

Михайлов  хамроҳлик қилаётган рафиқаси билан биргаликда Қирғизистонга қайтиб кирмоқчи бўлганда, Қирғизистонга кириши маън қилингани айтилиб, қайтишга руҳсат берилмаган.

Мазкур воқеадан бир кун аввал “Регнум” Алмазбек Атамбаевнинг сиёсий рақиблари бўлган “Ата-Мекен” партияси ва унинг лидери Омурбек Текебаевнинг фикрларига ўрин берилган “Қирғизистон мухолифати президентни руҳий экспертизадан ўтказишни таклиф қилди” деган сарлавҳа остида мақола чоп этган эди.

Айни дамда вақтинчалик Олмаотада ўрнашган журналист ўзининг фейсбук саҳифасида таъкидлашича, ундан 10 000 сом жарима пулини тўлашни талаб қилиш ўрнига, ёлғон йўли билан Қирғизистонни тарк этишга мажбурлашган.

Ҳукумат ва журналистлар ўртасидаги келишмовчилик 6-март куни бўлиб ўтган маданият арбобларини тақдирлаш маросимида Атамбаевнинг “Азаттык” нашриётини омма олдида танқид қилиб, журналистларини “Америкадан олган пулларини “ҳалоллаб” еяётганликда”, ҳар хил иғволар тарқатишда айблаганидан сўнг ортган.

Ўша куни бош прокуратура “Азаттык” ва “Заноза” нашриётларига қарши етказилган маънавий зарарни қоплаш мақсадида жами 26 миллион сомга тенг бўлган 2 та иқтисодий даъвони судга ҳавола этган.

Бош прокуратура нашриётларни 1-март куни “Ата- Мекен” партиясининг адвокатлари ўтказган пресс-конференцияни ёритишда айблаган. Конференцияда юристлар мухолифатчи, партия лидери Омурбек Текебаев 2017 – йилнинг 16-январида “Манас” аэропортининг ёнида халокатга учраган “Боинг” учоғидаги юкларнинг эгалари ҳақида тергов юритгани учун ҳибсга олинганини айтишган. “Ата-Мекен”нинг юристларининг таъкидлашича Туркиянинг махсус ҳизматлари томонидан Текебаевга юборилган ҳужжатларига таяниб, юкнинг эгалари Атамбаев ва унинг оиласи бўлгани айтилган. Ташқи ишлар вазири билан бўлган учрашувда Турк элчиси “Ата-Мекен” юристлари кўрсатган ҳужжатларнинг қалбаки эканлигини билдирган.

Иккинчи даъвонинг сабаби эса турк нашриёти Haberlerдаги Омурбек Текебаев ва экс-президент Қурманбек Бакиевнинг Кипрдаги учрашуви ҳақидаги мақоланинг таржимасини чоп этилиши, бўлди.

«Азаттык» ва «Заноза» порталлари «Haberler»да чиққан мақолани шунчаки таржима қилиб, ўз сайтларига чиқармай, улар муҳолифатчи Омурбек Текебаевдан ҳам изоҳ олиб, у Бакиев билан учрашганини инкор қилган. Кейинчалик «Азаттык» радиосиннг белорус хизматига берган интервьюсида Бакиев ҳам бу маълумотни рад қилган.

Даъвогарнинг талаби билан мазкур икки ОАВдаги Текебаевнинг изоҳини ўз ичига олган хабарлар сайтлардан ўчрилган. Бош прокуратура нашрларни “тасдиқланмаган маълумотларни нохолис ёритиш” бўйича айблаган.

Бундан ташқари президентга қарашли ҚСДП 9 мартда яна бир нашр 24.kgга қарши давъо аризасини берган.

ҚСДП келтирилган зарарни икки миллион деб баҳолаб, ҳуқуқ ҳимоячиси Карасартова билан таҳририятнинг хар биридан бир миллион сомдан талаб қилган.

Муаллифлар: Айдай Иргебаева, Анна Лелик