Бразилия турмасидаги ғалаён: 60дан ортиқ киши халок бўлди

731

Наркодилерларнинг ўзаро келишолмаган гуруҳлари Бразилиянинг Мануас шаҳридаги турмада исён чиқаришди. Натижада қамоқдаги 60дан ортиқ киши ўлди. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг фикрича эса ҳалок бўлганларнинг сони бундан кўп бўлиши мумкин, сабаби Бразилия турмаларига одам сиғмайди.

60дан ортиқ маҳбус Бразилиянинг Мануас шаҳридаги турмада содир бўлган исён натижасида ҳалок бўлди. Яна 144 киши тартибсизлик вақтида қочиб кетди. Ҳозирча уларнинг ичидан 40 киши ушланди.

Маҳаллий Em Tempo газетаси қочоқ жиноятчилар рўйҳатини эълон қилди. Уларнинг бири «Фейсбук» ижтимоий тармоғида ўзининг қочиб кетаётган суратини жойлаштирган.

Бундан ташқари, нашр 80 киши халок бўлганини ёзмоқда. Журналистларнинг маълумотига кўра, исёнчилар ўлдирилган кишиларнинг бошини олиб, танасини турмадан ташқарига улоқтиришган.

Гиёҳванд картелларининг ўртасидаги рақобат ғалаёнга сабаб бўлган. Тартибсизлик натижасида турманинг ҳовлиси ва остоналари қонга бўялган, ёқилган ўликларга тўлди. 12 нафар назоратчи гаровга олиниб, кейин уларнинг барчаси тирик қутқарилди.

Ижтимоий хавфсизлик бўйича давлат котиби Серхио Фонтас бўлиб ўтган воқеани Бразилия турмалари тарихидаги «энг катта қирғин» деб атади.

2016-йилнинг октябрида Бразилия турмаларида бундай тартибсизлик аввал ҳам бўлган. Унда қасдлашган кланларнинг қўлидан 33 киши ҳалок бўлган.

Энг йирик турма қўзғолони 1992-йили Сан Паулуда бўлган. Унда 111 киши ўлган. Бу 111 кишининг барчаси полиция томонидан ўлдирилган. 2013-йили ғалаённи бостиришда иштирок этган 23 полиция ходимларининг ҳар бири 156 йилга турмага кесилган.

Муаллиф: Айдай Иргебаева

Сурат: AFP