Қирғизистонлик тадбиркорлар Туркияда қийин вазиятни бошдан кечирмоқда

911

Ўтган йили 15 июлда Туркияда амалга ошмай қолган тўнтаришдан кейин Гуланнинг жамоати "террор гуруҳ" деб топилиб, уларга тегишли бўлган барча идоралар ёпилган.

Мақоланинг асл нусхаси «Азаттык» радиосининг сайтига чиққан.

Туркия ҳукумати 250дан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлган бу тўнтирш ҳаракатига АҚШда қувғинда юрган турк диний арбоби Фатхуллах Гуленни айблаган. Гуленнинг ўзи эса, барча айбловларни инкор қилиб келмоқда. Бироқ шу воқеадан кейин Турк ҳукумати мактаб, университет, касалхона каби маҳкамаларнигина эмас, Гулен жамоасига тегишли дейилган фирмаларни ҳам ёпган.

Бунинг оқибатида қирғизистонлик тадбиркорларнинг бу жамоа билан алоқаси борлар ўз ватанига ёки бошқа ўлкаларга кетишга мажбур бўлишди.

"Туркиядан чиқиб кетганлар бўлди"

20 йилдан ортиқ Истанбулда яшаб меҳнат қилган хусусий тадбиркор Искендер Сагинбаев бир нечта танишининг шахсий хавфсизлиги сабабли бир кунда оиласи билан Қирғизистонга қайтиб келишга мажбур бўлганини айтади.

- Уларнинг фирмаларига, оддий сўз билан айтганда, ҳамма томондан йўлларни ёпди. Туркияда ҳозир Гулен жамоасига алоқаси борларнинг барчаси таъқиқланмоқда. Одамлар бир-бирини ёмонлаб, айблаётган вақти. Шу сабабли мен таниган қирғиз тадбиркорлар ҳам кетишга мажбур бўлишди. Кетганларнинг орасида ўқитувчилар, шифокорлар, хусусий тадбиркорлар бор. Улар ана шу Гулен жамоаси билан бирга иш қилишгани учун кетишди деб ўйлайман. Фирмаларининг тўловлари келганлиги сабабли бир томондан қарз бўлиб қолишдан ҳам қўрқишди. Энг асосийси тадбиркор қирғиз йигитлари оилаларининг хавфсизлигидан қўрқишди, фарзандлари, аёллари борлари ҳам бор эди. Шунинг учун ҳам қочишди деб ўйлайман.

Туркиядаги хусусий тадбиркорларнинг ташаббуси билан олти йил аввал “Қирғиз дўстлик ва маданият жамияти” тузилган. Бу жамиятнинг ҳомийлари – Истанбулда ўзини тиклаган қирғизистонлик ёш тадбиркорлар. Жамиятнинг айрим ҳомийларини турк ҳукумати Гуленнинг жамоаси билан алоқаси бор деган гумон билан таъқибга олган. Улар Қирғизистонга чиқиб кетганлиги сабабли Туркиядаги қирғиз жамиятининг тадбирлари ўтказилмай қолган.

19 ноябрда ўтган учрашувда жамиятнинг собиқ етакчиси Айбек Саригул янги сайланган бошқарув кенгаши ишни бошқа миқёсда олиб боради деб умид қилишини билдирди.

- Ҳозир бошқарув кенгашига келган йигитлар ёшлар. Мен ўзим 42да бўлсам, улар 30-35 ёшдаги йигитлар. Янги куч, янги энергия келди дегандай. Олти йилдан бери янги ғоялар билан ёшлар келсин деяпман. Энди кетганлар кетди, қолгалари катта ўзгаришларни амалга оширади деб ишонаман. Бу йил ўзгаришларни амалга ошириб, муваффақиятларимиз билан ўй-фикрларимизни айтиб чиқамиз.

Айрим тадбиркорларнинг бизнесига ҳукумат томонидан чек қўйилиб, фирмаларини ёпишга мажбур бўлишди, бошқалари эса ишлари сустлашиб бораётганидан хавотирда.

Бизнесга салбий таъсир қилган инқирозлар

Садир Аширов 18 йил аввал Туркияга талаба бўлиб келган. Ўқишни тамомлагандан кейин турли турк фирмаларида ишлаб, беш йил аввал хусусий тадбиркорликни бошлаган. “Алатоо Engineering” фирмасини тузган. Электр инженерлик лойиҳаси билан шуғулланган ҳамюртимиз Туркиядан Россияга электр панелларини экспорт қиларди. 2016-йилги Туркиядаги, Россиядаги иқтисодий инқироз, террористу портлашлар унинг бизнесига қандай таъсир қилганини Садир Аширов айтиб ўтди.

- Россияда ҳозир ҳам инқироз. Шу билан бирга Туркия ишлаб чиқаришида ҳам катта инқироз кузатилмоқда. Сабаби қўшни ўлкаларда уруш бўлганлиги сабабли ишлаб чиқариш аввалгидай бўлмай қолди. Авваллари Ўрта Осиё ўлкаларида, Россияда ишлаб чиқариш унчалик ривожланмаган бўлса, ҳозир бу ҳудудларда ишлаб чиқариш ривожланган. Туркиядан олиб келинган товарлар энди ўша томонларга чиқа бошлади. Ишлаган ишчилар ҳам талабга жавоб берадиган даражада бўлиб қолди. Олдин булар бўлмаганлиги сабабли 2010-йилгача Туркиянинг иқтисоди ўсиб турган эди.

Садир Аширов бизнесининг ярми Россияда, ўзи эса Истанбул шаҳрида ҳаридорлар билан боғланиб, инженерлик лойиҳаларини сотарди. У Туркияни тадбиркорлик олиб боришнинг стратегик ҳудуди қатори кўради.

- Туркияни бу ҳудуднинг Хитойи десам бўлади. Барча тармоқларда ишлаб чиқариш бор. Асосан бизнес йўналиши бўйича барча йирик фирмаларнинг вакилликлари бор. Масалан, Германия, Америкадан заҳира қисмларини олиб келишади. Шунинг учун менинг ишимда ҳам Истанбулда барча керакли материалларни осон топганлиги учун харидорларга вақтида етказиш осон.

Камайган савдо жараёни

Асосан собиқ иттифоқ ўлкаларига Туркия енгил-саноат маҳсулотларини экспорт қилган. Газлама, тикилган кийим-кечак сотиш билан шуғулланиб, шахсий ишини йўлга қўйган қирғизистонликлар ҳам кўп. Туркия миллий банкининг статистикаси бўйича 2014-йили ўлкага чакана савдодан тўққиз миллиард долларга яқин даромад тушган. 2015-йили бу кўрсаткич беш ярим миллиард долларга камайган. Энди Истанбулдаги машҳур савдо райони - "Лалели"даги савдо-сотиқ жорий йилнинг олти ойида ўтган йилга нисбатан икки ярим баробар пастлаган.

Истанбул шаҳридаги ягона улгуржи савдо ҳудуди бўлган "Аксарай”да мусулмон либосларини сотувчи дўкон  эгаси Улуғ бу ерда олти йилдан бери ишлайди. Унинг сўзларига кўра, "Аксарай"да савдо-сотиқ билан шуғулланган қирғизистонликларнинг Гулен жамосига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Уларнинг бизнесини ёпиб кетишининг сабаби текстил тармоғидаги инқироз.

- Ҳаридорларимиз камайди. Асосан рус хародорларимиз келмай қўйди. Украинада уруш бошлангандан бери у ердан келганлар ҳам камайди. Энди араблар кўп кела бошлади. Олдин қирғизлар, ўзбеклар кўп келар эди. Ҳозир харидорларнинг сони оз.

Турк статистика қўмитасининг 2016-йил охирида берган маълумотига таянсак, Туркиядан Қирғизистонга экспорт қилинган товар 261 миллион долларни тузган. Қирғизистондан Туркияга импорт қилинган сумма 90 миллион доллар бўлган. Туркияда кийим-кечак, газлама, қурилиш материаллари ва рангли метал сотилса, Қирғизистондан Туркияга асосан олтин, ёнғоқ ва ловия импорт бўлади.

Талабаларга тўсилган йўл

Туркиянинг олий ўқув юрти маҳкамасининг бу йилги маълумотига таянсак, Туркияда 1994 қирғизистонлик талаба билим олади. 1992-йилдан 2009-йилгача Туркияга 3000га яқин қирғизистонлик талаба ўқишга топшириб, уларнинг 620сигина ўқишни тамомлаган. Уларнинг кўпи иқтисод, гуманитар ва инженерлик йўналиши бўйича билим олишади.

15-июлдаги амалга ошмай қолган ҳарбий тўнтариш ҳаракатидан сўнг Фетхуллах Гуленга алоқаси бор дейилган 15 университет ёпилди. Мазкур ўқув юртларида 161 қирғизистонлик талаба билим олаётган эди. Ёпилган университетга учраганига тўхталган Улуғ уларни деярли кўпчилиги Қирғизистонга кетишганини айтди. Улуғ Истанбулга учиб келган талабаларни полиция аэропортда сўроқ қилиб, депортациялаган вазиятларга гувоҳ бўлганини айтди.

- Энг кўп қирғиз талабалари Фатих университетида эди. Уларни аэропортда Гулен жамоасининг одамларисизлар деб ушлаб, сўроқ қилиб қийнаб, кейин депортациялашган. Уларни Туркияга кириши беш йилгача таъқиқланган.

1992-йилдан бошлаб қирғизистонлик талабалар Туркиянинг олий ўқув юртларига қабул қилина бошлаган. Ўша вақтда турк университетларига келиб ўқиган талабаларнинг кўпчилиги Туркияда ишлаб қолишган. Рус, турк тилини яхши билган қирғиз қиз-йигитлари Туркиянинг савдо-сотиғи ва туризмининг ривожланишига катта ҳисса қўшишган. Анталия, Истанбул, Анқарада таътил вақтида пул топиб ишлай бошлаган қирғизистонлик ёшлар бора-бора турк фирмаларига ишга ўрнашишга улгиришган.

Ҳозирда Туркияда кўзга кўринган тадбиркорлардан асосан ўша 1990-2000-йиллари ўқишга келиб ишлаб қолган ҳамюртларимиз ташкил қилади. Асосан Қирғизистондаги турк лицейлерининг битирувчилари Туркияда бир-бирини қўллаши маълум