Бишкек шаҳар мэрияси шахсий ҳаракатланиш воситалари (электросамокатлар, электроскейтбордлар, гироскутерлар, сегвейлар, моноқўллар ва бошқалар) ҳайдовчилари учун қоидалар ишлаб чиқди. Қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Муниципалитет қуйидаги қоидаларни жорий этишни режалаштирмоқда:
🔹 Фақат велойўлакларда ҳаракатланиш — велойўлаклар йўқ жойларда тротуардан фойдаланиш мумкин;
🔹 Йўлни фақат пиёда кесиб ўтиш;
🔹 Бир электросамокатда фақат бир киши ҳаракатланиши мумкин;
🔹 Ҳимоя шлеми ва тиззабоплар мажбурий;
🔹 Маст ҳолатда электросамокат ҳайдаш тақиқланади;
🔹 Электросамокатлар фақат ажратилган махсус жойларда жойлаштирилиши керак.
Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган электросамокат ҳайдовчиларига 1 000 сом жарима солиш таклиф этилмоқда. Агар ҳайдовчи маст ҳолатда бўлса, жарима 3 000 сомгача ошади.
«Шаҳарда рухсат этилган максимал тезлик — соатига 25 км, турар-жой ҳудудлари ва ҳовлиларда — 20 км/соатгача, одам гавжум ҳудудларда эса 5-10 км/соат бўлади,» — дейилади ҳужжатда.
Сентябр ойида парламент депутати Чингиз Ажибаев Бишкекда электросамокат ва мопедлар учун махсус инфратузилма яратилмагунча улардан фойдаланишни тақиқлаш таклифини киритган эди. Унинг таъкидлашича, бу транспорт ҳайдовчилари асосан ёшлар бўлиб, пиёдаларни уриб юбориш ёки йўлда автомобиллар билан тўқнашиш ҳолатларини келтириб чиқармоқда.