Темирлан Султанбеков: Милиция «Социал-демократлар»га қарши Ташиев буйруғи билан ҳаракат қилди

24

«Социал-демократлар» партиясининг лидери Темирлан Султанбеков СИЗО-1дан Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Камчибек Ташиевга мурожаат қилди. Мурожаат хати сиёсатчининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилинди.

Султанбековнинг айтишича, Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари унга партия томонидан сайловчиларнинг овозини сотиб олиш ҳолатлари бўлмаганини, аммо улар «Ташиев буйруғи билан ҳаракат қилишга мажбур бўлганини» айтган. Буни исботлаш учун милиция ходимлари унга 8 ноябрда МХДҚ томонидан берилган тергов топшириғини кўрсатишган.

Султанбековнинг таъкидлашича, сайловолди даврида у ва «Янги куч» партияси етакчиси Қуваничбек Конгантиев ўртасида зиддият юзага келган. Унинг айтишича, Конгантиев Ташиевнинг ўғли — Тай-Мураснинг «окул-ата»си ҳисобланади.

Сиёсатчи Конгантиевни криминал авторитет Қамчи Қўлбоев билан алоқалари орқали уч хонали квартира олганликда айблади. Буни тасдиқлаш учун у иккаласини ҳам ёлғонни аниқлаш детекторида текширишни таклиф қилди.

«Мен сторилар ва изоҳларда “Янги куч” партияси томонидан 15 дан ортиқ сайловчиларнинг овозини сотиб олиш ҳолати борлигини ёзиб хато қилдим […] Сиз шундай коррупционерлар ва бандитларга эмас, балки Социал-демократлар каби ақлли ва билимли ёшларга таяниб иш қилишингиз керак эди. Ёки камида барчасини қонун доирасида ўтказишингиз лозим эди», — деб ёзади у.

Сиёсатчининг сўзларига кўра, партия штабида унинг столида «Янги куч» партияси томонидан сайловчиларнинг овозини сотиб олиш фактлари тўпланган қизил папка бўлган. У МСКга шу папкани етказишни сўради.

Султанбеков махсус хизмат раҳбаридан у билан шахсан учрашишни, «Социал-демократлар» томонидан сайловчиларнинг овозини сотиб олиш ҳолати бўлмаганини исботлаш учун имконият беришни сўради.

МХДҚ ҳозирча Султанбековнинг баёноти бўйича изоҳ бермаган.

13 ноябрда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Бишкекдаги «Социал-демократлар» штаб-квартирасида тинтув ўтказди. Кейин милиция Ирина Карамушкина ва Данияр Чўлпонбаевнинг телефон суҳбати аудиоёзувини тарқатди, унда гўё сайловчиларнинг овозини сотиб олиш ҳақида гап кетган. Бишкек ИИБ маълумотига кўра, тергов давомида улар сайловчиларнинг овозини ҳар бирига 1000 сомдан сотиб олишни ташкил қилганини тасдиқлашган.

15 ноябрда Свердлов туман суди «Социал-демократлар» партияси етакчиси Темирлан Султанбеков ва унинг партиядошлари — Ирина Карамушкина ва Роза Турксеверни икки ойга қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарди. Улар сайловчиларнинг овозини сотиб олиш иши бўйича терговда қатнашмоқда.

17 ноябрда маҳаллий кенгашларга депутатлар сайлови бўлиб ўтди. Овоз бериш бошланишидан олдин «Социал-демократлар» Бишкек шаҳар кенгашига сайловда қатнашишдан жиноят иши туфайли четлатилди.