Иқтисодиёт вазирлиги фуқароларни кўчмас мулк ва авто савдоларини фақат нақдсиз шаклда амалга оширишга мажбурлашни таклиф қилди

70

Иқтисодиёт вазирлиги Фуқаролик кодексига ўзгартиришлар киритиш ташаббусини кўтарди. Ҳужжат жамоат муҳокамасига қўйилди.

Ташаббускорлар фуқароларни кўчмас мулк ва авто савдоларини фақат нақдсиз шаклда амалга оширишга мажбурлашни таклиф қилмоқдалар. Ҳужжат муаллифларига кўра, ўзгартиришлар миллий валюта мақомини кучайтириш учун таклиф қилинмоқда.

Шундай қилиб, 35-моддага («Пул») мамлакат ҳудудида жисмоний ва юридик шахслар ўртасида мажбурий давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган кўчувчи ва кўчмас мулкларни сотиб олиш-сотиш бўйича ҳисоб-китоб ва тўловлар фақат сомда ва нақдсиз шаклда амалга оширилиши ҳақидаги бандни қўшиш таклиф қилинмоқда.

Акси ҳолда фуқароларга жарималар солинади: жисмоний шахслар учун — 3 минг сом, юридик шахслар учун — 13 минг сом.

Ташаббусчилар ҳужжатни нақдсиз тўлов ва ҳисоб-китоб улушини ошириш, пул айланмасининг шаффофлигини таъминлаш ва иқтисодиётнинг яширин қисмини қисқартириш учун ишлаб чиқишганини таъкидладилар.

Бундан аввал, Вазирлар Маҳкамаси иш берувчиларни (юридик шахслар) ходимларга маошни нақдда тўлаган тақдирда жаримага тортишни таклиф қилган эди. Бунда фақат нақдсиз шаклда тўлашнинг имкони бўлмаган ҳолатлар истисно қилинар эди. Жогорку Кенгаш бу қонун лойиҳасини маъқуллаган.

Миллий банк эса банклар ва тўлов ташкилотларига сўмда онлайн ўтказмалар учун комиссия ундиришни тақиқлади. Тақиқ 25 ноябрдан 2025 йил 31 декабргача амал қилади. МБнинг маълум қилишича, бу чора «банк хизматларидан барча аҳоли қатламларининг фойдаланиш имкониятини таъминлаш», шунингдек, банк соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш жараёнини тезлаштиришга ёрдам беради.