Халқаро матбуот институти (IPI) Қирғизистон ҳукуматини оммавий тартибсизликларга чақирганликда айбланаётган барча журналистларни оқлаб, озод қилишга чақирди.
IPI, Ленин туман суди томонидан 11 журналистдан тўрт нафарига чиқарилган айблов ҳукмларини қоралади. Гап Temirov Live лойиҳаси раҳбари Махабат Тажибек қизи ва "Айт Айт Десе" лойиҳаси билан танилган Азамат Ишенбеков ҳақида бормоқда. Улар беш ва олти йилга озодликдан маҳрум қилинган. Журналистлар Актилек Қапаров ва Айка Бейшекеева эса уч йиллик синов муддати билан озод қилинди.
«IPI 11 қирғиз журналисти қўлга олинган январдан бери уларни озод қилишга чақириб келаётган эди. Бугун яна шу талабни такрорлаймиз ва ҳукуматни сиёсий асосланган таъқиблардек кўринаётган ҳаракатларни тўхтатишга чақириб қоламиз», — деди IPIнинг вақтинчалик ижрочи директори Скотт Гриффен.
Гриффеннинг сўзларига кўра, журналистик материаллар оммавий тартибсизликларга чақириш билан тенглаштирилиши мумкин эмас.
«Журналистика — жиноят эмас [...] Биз Қирғизистонни мамлакатда матбуот эркинлигини ҳимоя қилишга бўлган содиқлигини яна бир бор тасдиқлашга ва журналистларга ўз ишини эркин ва хавфсиз тарзда бажаришга имкон беришга чақиряпмиз», — дея таъкидлашди ташкилотдан.