Машғулот залидаги отишма: Молиявий келишмовчилик инсон ўлими билан якунланиб, ўқ еганлар оғир аҳволда

85

10 октябрда Бишкекнинг 7-кичик туманидаги бокс бўйича машғулот залидаги отишмадан бир киши вафот этиб, икки нафари касалхонага ётқизилди. Ички ишлар вазирлиги бунга молиявий келишмовчилик сабаб бўлганини билдирди. 

Маълумотга кўра, жанжал И.М. ва Н.Ж. исмли икки кишининг ўртасида чиққан. Биринчи шахс Н.Ж. ишлаган машғулот залига қурол билан бориб, даъвосини айтиб, номига қайд этилган «Сайга» милтиғи билан унинг кўкрак қисмига отган.

Ўқ еган шахснинг ёнида С.Э. исмли киши бўлган. У милтиқни И.М.дан олиш учун уринганда, оёғига ўқ теккан. Ҳимояланиш оқибатида қурол билан борган кишининг бошига тасодифан ўқ отилиб, у воқеа жойида вафот этган.

Ўқ еган икки киши эса касалхонага етказилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Клооп»га иккисига жарроҳлик амалиёти ўтказилгани, бирининг аҳволи оғир, иккинчисиники барқарор оғир деб баҳоланаётганини билдирди.

Маҳаллий нашрлар машғулот ерига қурол билан бориб, вафот этган шахс Халқаро бокс ассоциациясининг ҳаками Мукаш Ирсалиев, ўқ еганлардан бири эса мураббий Жилдизбек Ниязалиев эканини ёзди.

Ички ишлар вазирлиги бу бўйича «Қотиллик» моддаси билан жиноий иш очди. Ҳозирги вақтда жанжалнинг асл сабаби аниқланаётганини таъкидлашди.

Отишма юз берган Орзубек Назаровнинг бокс клуби эса ёпилгани хабар қилинди. Қачон қайта ишлай бошлаши ҳозирча номаълум.