Масалиев: Интернетда ҳақорат учун жарима тўғрисидаги қонун лойиҳаси фақат ҳокимиятни танқид қилганларга қарши ишлайди

92

27 сентябрда Бишкекда ОАВ ва интернетдаги ҳақоратлар учун жарима киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Жогорку Кенеш депутати Исҳақ Масалиев ушбу қонун лойиҳаси қабул қилинса, у «фақат ҳозирги ҳокимиятни танқид қиладиган журналистлар ва интернет фойдаланувчиларига нисбатан ишлайди», деб таъкидлади.

«Ёки ташаббускорлар ўзлари нима киритаяпганини тушунмайдилар, ёки вазият шундан иборатки, маданият вазири интернет қоидаларини бузганларни жазоловчи асосий шахсга айланишини истайди. Маданият вазирлиги қоидабузарларни аниқлаб, жарима белгилайди. Бу биздаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиётининг янги саҳифаси бўлади. Бундай бўлмайди. Жарималарни тегишли идоралар белгилаши керак», — деди депутат.

У парламентнинг бир қатор депутатлари бу қонун лойиҳасига қарши эканлигини қўшимча қилди. Унинг фикрича, ёки парламент қонун лойиҳасини рад этиши, ёки ҳукумат ҳужжатни қайтариб олиб, уни муваффақиятсиз деб тан олиши керак.

«Қонун лойиҳаси фақат битта мақсадни кўзлаган: ўз фикрини билдиришни хоҳлаган одамларни, уларнинг фикри раҳбариятникидан фарқ қиладиган бўлса, сукут сақлатиш», — деб хулоса қилди депутат.

ОАВ ва интернетда ҳақорат ва бўҳтонлар учун жарима киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Маданият вазирлиги ташаббус қилган. Ҳужжатга кўра, ОАВ ёки интернетда ҳақорат ёки бўҳтон учун жисмоний шахсларга 100 минг сом, юридик шахсларга эса 200 минг сом жарима солиш таклиф қилинмоқда. Ташаббускорларнинг маълум қилишича, сўнгги вақтларда ОАВ ҳамда интернет орқали тарқатилаётган ҳақорат ва таҳқирлаш ҳолатлари кўпайган.