«У шунинг учун қамоқда ўтирибди». МХДҚ етакчиси Мелис Аспековни тадбиркорларни алдаганликда айблади

92

Кеча ижтимоий тармоқларда президентнинг собиқ тарафдори Мелис Аспековнинг мактуби тарқалди. Унда у МХДҚ етакчиси Қамчибек Ташиевдан Райимбек Матраимов томонидан унга 3 миллион доллар берилганлиги ҳақида жиноят иши қўзғатишни сўради. Аспековнинг таъкидлашича, бу пулларни у 2020 йил 9 октябрдаги қарши намойишни ташкил қилиш учун Садыр Жапаровга топширган.

«Шунингдек, сиздан 2020 йил охирида Садир Жапаров томонидан Чуй вилоятида сайловолди тарғибот штаби учун менга берилган 1 миллион доллар ҳақида 2021 йилда ИИВ Бош тергов бошқармаси томонидан қўзғатилган жиноят ишини олиб, унинг қонунийлигини текширишингизни сўрайман. Тергов жараёнида тақдим этган барча далил ва ёзма билдиришларга қарамай, бу иш ИИВ Бош тергов бошқармаси томонидан тушунарсиз сабаблар билан тўхтатилган», — деб ёзган Аспеков.

Жавобан Ташиев Аспековни Райим Матраимов каби йирик тадбиркорларни алдаб, улардан Садир Жапаров учун деган баҳонада пул олиб, кейинчалик бу маблағларни ўзлаштирганликда айблади.

«Шунинг учун у қамоқда ўтирибди. […] У «Қирғиз темир йўли»нинг собиқ раҳбари Дашковдан 250 минг доллар олиб, бу пулларни Садир Жапаровнинг сайлов кампаниясига сарфланади деб айтган. Аммо у бу пулларни ўзлаштириб юборган. Бу барча фактлар билан исботланган. Ҳаммаси ошкор бўлганидан сўнг у қамоққа тушди. Пулларни қайтарсин, шунда, эҳтимол, у озодликка чиқар. Бу давлатга тегишли «Қирғиз темир йўли» корхонасининг пули», — деди Ташиев ва қўшимча қилиб, Аспеков бошқа тадбиркорлардан ҳам пул олганини, лекин улар ариза ёзишдан бош тортганини айтиб ўтди.

Ташиевнинг фикрича, агар Матраимов Жапаровга пул бермоқчи бўлса, уни шахсан ўзи ёки яқинлари орқали топширган бўлар эди.

«Агар Матраимов ростдан ҳам Аспековга шундай пул берган бўлса, демак, Аспеков бу пулларни ўзлаштирган бўлиши мумкин. Бу борада Матраимовдан сўралган. У Аспековни танимаслигини ва унга пул бермаганини айтган. Шунинг учун биз бу каби асоссиз баёнотларга аҳамият қаратмаймиз», — деб хулоса қилди МХДҚ етакчиси.

Мелис Аспеков Садир Жапаровнинг машҳур тарафдори ва ҳамкорларидан бири бўлган. 2024 йил март ойида ҳам у 2020 йил октябрь воқеалари давомида Садир Жапаровга собиқ божхоначи Райимбек Матраимов томонидан 3 миллион доллар берилганини айтган эди. Президент матбуот котиби Дайирбек Орунбеков буни ёлғон деб атаган.