Бишкекда давлат ходимларига ҳафтада икки кун фақат жамоат транспортида юриш тавсия қилинди

125

Президент маъмурияти Бишкек мэриясининг муниципал хизматчиларнинг шахсий автомобиллардан фойдаланишини чеклаш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда мэриянинг матбуот хизмати билдирди. 

Энди Бишкекдаги барча давлат хизматчиларига сешанба ва пайшанба кунлари фақат жамоат транспортида юриш тавсия этилади.

Мэриядан бу чора давлат ходимларининг «йўловчиларни ташиши тармоғидаги муаммоларни яхши тушунишга ёрдам беради» деб ҳисоблашади.

Жорий йилнинг май ойидан коммунал хизматчиларнинг шахсий транспорт воситаларидан фойдаланишига чекловлар жорий этилган эди. Мэрия мазкур чора шаҳардаги экологик вазиятни яхшилаш, жамоат транспорти ҳолати устидан назоратни кучайтириш мақсадида амалга оширилаётганини таъкидлади.

Яқинда шаҳар мэриясининг 64 нафар раҳбар ва ходимларига ҳоким буйруқларини бажармагани учун уларга нисбатан интизомий чоралар кўрилгани ҳақида маълумот берилган.