Троллейбусларнинг биринчи партияси Бишкекдан Ўшга етиб келди

83

Кеча Ўш шаҳрига Бишкекдан олти троллейбус етиб келди, деб хабар берди шаҳар ҳокимияти.

Ўшга Бишкекдан келтирилган троллейбуслар. Сурат: Ўш шаҳар мэрияси

Ўш шаҳар мэриясининг билдиришича, келаси ҳафтада яна ўнта троллейбус олиб келинади. Ўшга жами 100 троллейбус келтирилади.

Шаҳар мэриясидан таъкидланишича, ушбу троллейбуслар шаҳарнинг ғарбий қисмидаги янги учинчи йўналишда ишга туширилади.

Май ойи бошларида Бишкек шаҳар мэрияси 100 троллейбусни Ўш шаҳрига топшириш ва уларни электробуслар билан алмаштиришга қарор қилгани маълум бўлган эди. Маҳаллий фаоллар бу қарорга қарши чиқиб, ортиқча харажатлар ва электробусларнинг аккумулятор батареяларини экологик хавфсиз тарзда сақлаш ва утилизация қилиш муаммоси пайдо бўлишини таъкидлашди. 29 август куни Бишкек шаҳар кенгаши депутатлари 100 троллейбусни Ўшга топширишни маъқуллади.

Бугун Бишкекда Горкий номидаги боғда соат 17:00 да иккинчи транспорт қурилтойи бўлиб ўтади.