Россияда муҳожирлар фарзандларига бепул таълим бекор қилиниши мумкин

82

 Россия Давлат Думасига РФ фуқаролигига эга бўлмаган мигрантлар фарзандлари учун мактаб ва болалар боғчаларида бепул таълимни бекор қилиш бўйича қонун лойиҳаси киритилади. Россия ОАВлари хабар беришича, бу ҳужжатни бугун қабул қилиш мумкин.

Ташббус муаллифи Давлат думасининг Меҳнат, ижтимоий сиёсат ва фахрийлар ишлари қўмитаси раҳбари Ярослав Нилов бўлган. Унинг фикрича, «хорижликлар фарзанди Россия бюджети ҳисобидан ўқишига якун ясаш керак. Россиялик болаларимиз синфда чет эллик ишчиларнинг болалари ҳаддан ташқари кўплигидан азият чекмаслиги керак».  У «хайрия эпопеясини» тугатишни таклиф қилди.

«Уларнинг таълими бепул бўлибгина қолмай, балки ўз қоидаларини ўрнатиб, бизга ёт субкултурани мажбур қилмоқдалар. Иложи бўлса, хорижлик ота-оналар ўз фарзандларини бизнинг таълим муассасаларимизга тижорат асосида жойлаштирсинлар. Алоҳида тижорат синфлари ташкил қилишсин», — дея Ниловдан иқтибос келтиради ТАСС агентлиги.

Бундан ташқари, асослантирувчи ҳужжатда мигрант болаларининг рус тилини яхши билмаслиги сабабли умумий синфнинг ўқиш кўрсаткичлари пасайиши таъкидланган.

«Россия боғча ва мактабларида мигрант болалар сонининг назоратсиз кўпайиши ўринлар етишмаслигига олиб келмоқда. Айни пайтда мактабларда 900 мингга яқин ўрин етишмайди. Ўқитувчилар меъёрдан 1,5-2 баробар кўп ишлашга мажбур бўлмоқда», - дейилади тушунтириш хатида.

Шу тариқа, Россия депутатлари «Россия Федерациясида таълим тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилмоқдалар. Ҳужжатга кўра, хорижлик фуқароларнинг болалари шартнома асосида пулли таълим олади.

Бундан аввал, Россия президенти Владимир Путин миграцияга қарши қатор қонун лойиҳаларини имзолаган эди. Хусусан, полиция суд қарорисиз мигрантларни чиқариб юбориши мумкин бўлади. Имзоланган ҳужжатда «депортация режими» ҳам кўрсатилган. Шунингдек, мигрантлар армия рўйхатига турмасалар, Россия фуқаролигидан маҳрум бўлишлари мумкин бўлган қонун ҳам имзоланган.