Ўш: Ақилбек Жапаров тошқиндан жабрланганлар билан учрашди

145

 

Вазирлар Маҳкамаси етакчиси Ақилбек Жапаров 15 июль куни Ўш шаҳрига бориб, сел оқибатларини ўз кўзи билан кўриб, абрланганлар билан учрашди.

Ўшдаги марказий бозорнинг айрим сотувчилари молларини сел олиб кетганини айтиб, ҳукуматдан ёрдам сўраган. Жапаровнинг қайд этишича, аввалига авария бўйича комиссия тузилиб, харажатлар аниқланади. Комиссия иши натижасида кимга ёрдам берилиши ҳал қилинади, деб билдирди ҳукумат етакчиси.

Кеча, 14 июль куни кучли ёмғирдан кейин Оқбура сойи қирғоқдан тошиб, Ўш шаҳрининг марказий бозорини сув босган. Аҳоли пунктлари ҳам сел сувидан зарар кўрган, 800 га яқин турар-жой, йўллар, электр тармоқлари шикастланган. Коммунал авариялар қайд этилган.

Фожиада ўлим ҳолати ҳам юз берди, дастлабки маълумотларга кўра, беш кишини сув тошқини олиб кетган. Тўрт аёл – она ва унинг уч қизининг жасади топилди, бошқа аёлнинг жасади қидирилмоқда.