Россия мигрантларни она тилида пичирламасликка чақирмоқчи

132

Россияда миллатлараро масалалари федерал агентлиги (ФАДН) Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари учун янги мослашув курсини ишлаб чиқди.

70 дақиқалик маърузадан иборат курс мобайнида муҳожирлар Россия миграция ва меҳнат қонунчилиги ҳақида барча керакли маълумотларни ўрганишлари кўзда тутилган. Бу ҳақда курс материаллари билан танишиб чиққан «Коммерсант» нашри хабар бермоқда.

Курс тўрт блокга бўлинган. Аввал мигрантларга Россияга келиш ва унда истиқомат қилиш, патент ва меҳнат шартномасини расмийлаштириш қоидалари ҳақида маълумот берилади. Шунингдек, уларга «қуролли кучлар сафида шартнома асосида хизмат қилса, соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини олиши» уқтирилади.

«Норасмий хулқ-атвор асослари" блокида мигрантларга ўзини «Россияда қабул қилинганидек» тутиш кераклиги айтилади. Рус тилини билиш муҳимлиги таъкидланган, «ака" ёки «опа» мурожаатлари нотаниш кишилар билан мулоқотда жоиз эмаслиги урғуланган. Атрофда руслар бўлса она тилида гаплашмаслик тавсия қилинган. Динга муносабатни ошкора намойиш қилиш ва кўчада диний маросимлар ўтказиш Россияда мақбул эмаслиги эслатилган.

«Қарши жинс билан муносабат асослари»да аёллар эркаклар билан тенг ҳуқуқли эканлиги урғуланган ва нотаниш одамларга тегиниш ёки эътиборни жалб қилиш учун товуш чиқариш, ҳуштак чалиш каби ҳаракатлар ножоиз эканлиги таъкидланган.

Курснинг учинчи қисми Россия қонунларини, шу жумладан миграция қонунларини бузганлик учун жавобгарликка бағишланган. Лекторлар экстремистик ва террористик фаолиятда иштирок этиш ёки унга кўмаклашиш мумкин эмаслигини эслатиши лозим. Шунингдек, улар турли митинг ва намойишларда иштирок этмасликка чақириши лозим.

Курснинг тўртинчи бўлими Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар тарихига бағишланган бўлиб, унда «дўстлик ришталари» ва ўзаро муносабатларнинг «кўп асрлик тарихи» урғуланган.

Россиядаги мигрантлар учун мослашув курси 2023 йил сентябрь ойида ишлаб чиқилган. Курс Калининград, Москва вилоятлари, Перм ва Краснодар ўлкаларида, шунингдек, Якутияда синовдан ўтказилади.