Хакерлар юз минглаб қирғизистонликларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритганини эълон қилди

442

Ўзини Team Insane Pakistan деб атаган хакерлар гуруҳи 600 мингдан ортиқ Қирғизистон фуқаролари ва компанияларнинг маълумотларини қўлга киритиб, уларни оммага эълон қилганини маълум қилди. Бу ҳақда хакерлар 22-май куни Telegram мессенжери ва Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифаларида маълум қилишди.

Хакерлар буни 18-май куни Бишкекда хорижлик талабалар иштирокида бўлиб ўтган тартибсизликларга қарши “норозилик” сифатида қилганликлари билан изоҳлади.

Хакерлар маълумотларни қайси манбадан ўғирлашга муваффақ бўлганликларини айтишмади, бироқ Озодлик радиоси қирғиз хизмати журналистлари саволларига жавобан улар gov.kg сайтининг доменини бузиб, Олий суддан маълумотларни олишганини айтишди. Бироқ Олий суд бу хабарни рад этди.

Рақамли суд экспертизаси бўйича ихтисослашган Озодлик радиоси журналисти Рийн Аляснинг сўзларига кўра, 630 мингдан ортиқ сатрдан иборат хакерлар рўйхатида камида 523,5 минг солиқ тўловчиларнинг идентификация (ИНН) рақамлари мавжуд. Шу билан бирга, рўйхатда ИНН бўлмаган шахслар ва компаниялар ҳам мавжуд. Рўйхатда киберхавфсизлик учун масъул бўлган ҚРнинг ҳукумат амалдорлари, сиёсатчилар ва раҳбарлар ҳам бор. Уларнинг баъзилари рўйхатда кўрсатилган манзилларда истиқомат қилишмоқда, баъзиларининг эса манзиллари ўзгаргани айтилмоқда.