20 мартда маъмурий-ҳудудий ислоҳотлар доирасида маҳаллий кенгашларнинг иши бўйича вақтинчали низомни қабул қилиш учун Ўш шаҳар кенгаши навбатдаги сессияга йиғилди.
Бу сафар аввалги шаҳар кенгашининг депутатларига Қизил-Қишлоқ қишлоқ ҳудудидан 31 депутат, Тўлўйкан қишлоқ ҳудудидан 31, Наримон қишлоқ ҳудудидан етти, Шарқ қишлоқ ҳукуматидан уч депутат қўшилиб, депутатларнинг умумий сони 117 нафарга етди.
Мажлисда рўйхатдан ўтган 91 депутат қатнашиб, депутатларнинг ваколат ҳуқуқлари ҳақидаги масала кўтарилди.
«ОшТВ канали» билдиришича, сессиянинг бошланишида депутатлар орасида фикр келишмовчилиги юзага келиб, кун тартиби кўрилгандан кейин, Қизил-қишлоқ ва Тўлўйкан қишлоқ кенгашидан келган депутатлар сессияни ташлаб чиқиб кетишди.
Мажлисни ташлаб чиқиб кетаётган депутатларга шаҳар кенгашининг етакчиси Салман Назигулов: «Саботаж қиляпсизларми?» — деб саволга тутган, унга Қизил-Қишлоқ қишлоқ кенгашидан келган депутат Рахмонова «Бу саботаж эмас, бу ерда ноқонуний ўтирган эканмиз-ку. Адлия [вазирлигидан] рўйхатдан ўтайлик, кейин қатнашамиз», — деб жавоб берган.
15-мартда президент фармонига кўра, Ўш шаҳрининг таркибига Қизил-Қишлоқ, Тўлўйкан қишлоқ ҳукуматлари ҳамда Наримон, Попон, Шарқ қишлоқ ҳукуматларининг бир қатор қишлоқлари қўшилган.