«Етакчиси бошқа». Гулжан Шерипбаева 24.kg’га ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтди

224

24.kg ахборот агентлиги қайта рўйхатдан ўтиб, нашрга журналист Гулжан Шерипбаева асосчи ва директор бўлгани ҳақида маълумот тарқади. Адлия вазирлигининг сайтида агентлик 15 мартда қайта расмийлаштирилгани таъкидланган.

Гулжан Шерипбаева «Клооп»га 24.kg ахборот агентлигига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирди. У «икки-уч кун кутсангиз янги етакчисини биласизлар» деб  қўшимча қилди.

«У ерда мендан кейин бошқа биров ўтказиб олган. Сайтнинг ички сиёсатини ҳам билмайман, ташқи сиёсатини ҳам билмайман. Бошқа биз таниган киши бўлади, кутиб турсанглар. [Юстиция вазирлигининг] сайти янгиланмаган шекилли», — деди у.

Шерипбаева нашр Юстиция вазирлигидан қайта рўйхатдан ўтаётганда ҳужжатга қўл қўйган-қўймаганини «ҳозирча сир» деб айтиб, «ҳеч қанақа сиёсатлаштирмайлик» деб таъкидлади.

Ҳозирча бу бўйича нашрнинг ҳозирги етакчиси Асел Оторбаева ҳеч қандай маълумот бермаган. У нашрга 2017 йилдан бери етакчилик қилиб келган.

24.kg’нинг шеф-редактори Махинур Ниязова эса хизматдан кетганини хабар қилди. У нашр асосчиси нима сабабдан алмашгани бўйича маълумоти йўқ эканини қўшимча қилди.

Нашрнинг етакчилигига қарши «Урушни тарғиб қилиш» моддаси билан жиноят иши қўзғалиб, 15 январда Оторбаева ва Ниязова гувоҳ сифатида сўроқ беришган. Ҳозирда иш тергов қилиниб якунланмаган. МХДҚ қайси материал бўйича иш қўзғалганини очиқламаган.

24.kg агентлиги идораси 15 январдан бери ёпиқ турибди — ўша куни МХДҚ ходимлари нашр идорасини тинтиб, муҳр босиб кетган.

Шерипбаева ким?

Гулжан Шерипбаева ўтган йили ноябрь ойида қўлга олиниб, кейин уй қамоғига чиққан. У «Оммавий тартибсизликка чақириқ қилиш»да гумонланаётгани айтилган ва кейин «Ирқий, этник, миллий ва диний низо қўзғатиш» моддаси бўйича айб қўйилгани маълум бўлган.

Шерипбаеванинг номи 2020 йилидаёқ божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовни қўллаб-қувватлаган фейк-фермалар таркибида тилга олина бошлаган.

Матраимовни эса қўллаб-қувватлаган фейклар ортида ҳозирги президентнинг ахборот сиёсат хизматининг етакчиси Дайирбек Орунбеков туриши айтилган.

Ўша вақтда Шерипбаева «Клооп»га «депутатликка талабгор бўлганлардан йирик миқдорда пул тўлаб бериш таклифи тушганига қарамай фейклар билан ишламаганини» билдирган.

Жорий йилнинг Октябрь ойида Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаровнинг «шаънига путур етказган» деган сабаб билан NazarNews нашрининг сайтини икки ойга блоклаш қарорини чиқаргани маълум бўлган.