Орунбеков Аспековнинг «Жапаров Матраимовдан $3 млн олган» деган маълумотини инкор қилди

229

Қамоқдаги фаол Мелис Аспеков мактуб ёзиб, 2020 йил октябр воқеаларида Садир Жапаров божхона бошқармаси бошлиғининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовдан 3 миллион доллар олганини айтди. Президент ахборот хизмати раҳбари Дайирбек Ўрунбеков унинг баёнотини «ёлғон» деб атади.

Аспековнинг айтишича, 2020 йилнинг октябрь ойида Жапаровга ҳокимиятда қолиш учун минглаб одамларни тўплаш учун «кўп пул керак бўлган», бироқ ўша пайтда унинг маблағи бўлмаган.

«Ўшанда Садир ава менга: “Мелис, Райим билан яхши экансан, пул сўра, бўлмаса қамалиб кетамиз”, деди. Дарҳол Райимга қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирдим. Райим ака рози бўлиб, эртасига 1,5 миллион доллар берди. Садир аванинг қўлига санаб бердим. Садир ава хурсанд бўлиб, ўша ерда қўлимга 150 минг доллар бериб, “чуйлик болларни тўплашни бошла” деган буйруқ берди. Хулоса қилиб айтганда, Райим аканинг пули билан Садир ава мамлакатнинг 7 вилояти аҳолисини молиялаб, эски майдонга йиғиб, 9-октябрь куни уларга қарши тўпланган халқни қувиб чиқарди. Атамбаевнинг машинасига ўқ отишга эришди. Ўша куни бизга ёрдам бериш учун Райим Матраимов пулдан ташқари бир гуруҳ болаларини жўнатгани ҳам факт», — деб ёзди Аспеков.

Унинг айтишича, кейинчалик Матраимов ҳам 1,5 млн доллар бериб юборган.

Президент администрациясининг ахборот сиёсат хизматининг етакчиси Дайирбек Орунбеков Аспековнинг сўзларини «туҳмат» деб атади. Унинг айтишича,  Аспеков тадбиркорларни бир эмас, бир неча бор алдаб, товламачилик қилиб автомобил, квартира сотиб олган.

Орунбековнинг айтишича, 2020 йили Аспеков доимо Садир Жапаровнинг ёнида юриб, халққа унинг ўнг қўли қатори танилган.

«Октябрга қадар пиёда юрар эдинг, шундан кейин дарҳол қиммат автомобил миниб, тан соқчилар билан юрадиган бўлиб қолганингни бутун эл кўрди. Атрофингдаги болаларнинг “Мелис шошилма, гап тегади, кўз тегади” деган насиҳатини эшитгинг ҳам келмади.

“Победителя не судят!” деб қулоқ солмадинг. У вақтда ҳукумат ўзига келиб, кучини йиғишга улгурмаган эди. Эндигина шаклланаётган эди. Бетартиб пайтдан фойдаланиб билганингни қилдинг», — деб ёзди Орунбеков.

Унинг айтишича, 20202 йилнинг кузида Аспеков Жапаровнинг номидан президентнинг жамоасига хали қўшилмаган Қанибек Туманбаевдан 1 миллион доллар талаб қилган. Орунбеков бунинг бари Жапаровдан яширин бўлганини, Аспеков пулни супириб олишни истаганини ёзди. У Аспеков «вақтдан фойдаланиб йирик ва майда бизнесменларнинг анчасининг қонини сўрди шекилли» деб таъкидлади.

Орунбеков Аспеков 2022 йили товламачилик ва шантаж бўйича 7 йилга судланиб, аммо кейин амнистия билан озодликка чиққанини таъкидлади.

«Охирги сафар уй қамоғига чиқиб, жим юрмай “ҳокимиятни куч билан босиб олайлик”деб уюштириб, қайта қамоққа тушди. Энди қамоқда ҳам жим ўтирмай ҳар куни бўҳтонларни ўйлаб топиб, ёлғон маълумотларни ёзган хатини жамоатчиликка эълон қилмоқда», – деб хулосалади Орунбеков.

Аспековнинг қўлга олиниши

Президент Садир Жапаровнинг собиқ тарафдори, фаол Мелис Аспеков қайтадан қўлга олингани ҳақида жорий йилнинг 30 сентябрида маълум бўлган. Унга «Жиноятга тайёргарлик кўриш» ва «Оммавий тартибсизликлар» моддаси билан айб қўйилган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқда овози Аспековга тегишли дейилган аудио тарқалган. Унда фаол қамоқда Асқат номли киши билан телефон орқали гаплашиб, уни бўшатишга ҳаракат қилишини айтиб, қўлловга чиқиш учун бола сўрагани айтилади.

 

Аввал Аспеков «Товламачилик» ва «Шантаж» бўйича етти йилга кесилиб, амнистия билан бўшатилган. Кейин у МХДҚ «10 минг доллардан ортиқ пулини қайтариб берганини, бу унинг юз фоиз айбсиз эканини билдиришини» айтиб чиққан. МХДҚ уни инкор қилиб, маблағнинг терговга алоқаси йўқ эканини билдирган.