Қўрқмаймиз». Президент шахсий манфаатлари учун митингга чиққанларга жавоб қаттиқ бўлишини огоҳлантирди

436
Президент Садир Жапаров.

14 мартда президент Садир Жапаров «Кабар» маълумот агентлигига интервью бериб, митинглардан қўрқмаслигини билдирди. У «шахсий манфаатлари учун митингга чиққанлардан қочиб ёки яшириниб ўтириб оладиган мен эмасман» деб таъкидлади.

Давлат раҳбари «аввалгидай ўғирлаб яшаган давримиз яхши экан деб митингга чиққанларга жавоб қаттиқ бўлишини» эслатди.

«Агар давлатни тўнаб, яқинларимни ёғли жойга қўйиб, давлатни инқироз ботқоғига ботираётган бўлсам қўрқсам бўларди. Аксинча, жамоам билан кечаю кундуз жонимизни бериб ишлаяпмиз. Бўғзигача ботқоққа ботган давлатни энди зўрга лойдан судраб чиқдик. Божхона, солиқ тизимидаги ўғирликни бартараф қилиб, бюджетни деярли уч мартага кўтардик. Бўлмаса, ҳозиргидай ривожланишни бу ёққа қўяйлик, 2020 йилиёқ чет томонлардан кредит олиб, иш ҳақи билан нафақа, пособияларни ёпиб қўйган аҳволга келиб қолмадикми. Ташқи қарздан қандай қилиб қутиламиз деган муҳим муаммони муҳокама қилмадикми. Ёки хотирамиз шунчалик қисқами?» — деб савол берди у.

Жапаров «митингларни Матраимов молиялаштираётгани» ҳақида маълумоти йўқлигини айтиб, вақтида собиқ божхоначи Райимбек Матраимов ва марҳум криминал Қамчи Колбаевга қаттиқ огоҳлантириш берганини билдирди. Аммо Колбаев халқни тўнашни тўхтатмаганини таъкидлади.

«Матраимовга "бундан кейин тинч овқатингни қил. Криминалга аралашма, улар билан дўст бўлма " деб айтганман. Бахтга қарши, алоқасини узмабди ҳам. Махсус хизмат криминал билан алоқадор ишларини топиб чиқди. Аввал “ўз хоҳиши билан икки миллиард тўлагандан сўнг ” қанча мулки борлигини текширмаган. Бу сафар бошқаларга расмийлаштириб қўйган мулкини барчасини топиб чиқди. Давлат фойдасига ўтказишмоқда», — деди президент.

Матраимов ва Колбаев

Райимбек Матраимов 2015 йилдан 2017 йилгача Божхона хизматининг раис ўринбосари бўлган. У божхона тизимида 10 йилдан ортиқ ишлаган. Бу оралиқда у хитойлик тадбиркор Ҳабибулла Абдуқодирнинг соядаги клани билан бирга коррупцион схемани йўлга қўйган.

2021 йилнинг бошида Биринчи май туман суди Матраимовни коррупцияда айбдор деб топиб, унга 260 минг сом жарима пули тўлаш ҳукмини чиқарган. Божхона раисининг собиқ ўринбосари ҳам коррупцияни тан олиб, бюджетга келтирилган зарарни ўрнига келтириш учун 2 млрд сом тўлаган.

Колбаев 2023 йили 4 октябрда МХДҚ томонидан қўлга олиш операцияси вақтида ўлдирилган. Махсус хизматдан криминал қуролли кучларга қаршилик кўрсатгани учун «йўқ қилинганини» айтишган. Кўп ўтмай президент Колбаевнинг ўлдирилганини «интернетдан билганини» айтган.

Кейин Колбаев ва Матраимов билан алоқаси бўлган 225 давлат ходими аниқланиб, кўпи ишдан олинган. Ҳозирда Матраимов билан алоқаси бўлган депутатлар мандатдан ажратилмоқда.