Ўшда «Тез заряд» ишхонасининг устидан шикоят қилганлар сони 41 нафарга етди

678

Ўш шаҳрида Charge fast (Тез заряд) ишхонасига пулларини олдириб қўйиб, милицияга ариза билан мурожаат қилганлар сони 41 нафарга етди. Бу ҳақда 4 мартда Ўш ШИИБдан билдиришди.

Маълумотга кўра, мазкур ишхона аҳолига «пулларини икки баробарга ошириб, тезда бойиб кетиш имкониятини» ваъда қилган. Алданган фуқаролар 3000 сомдан 1 миллион 800 минг сомгача бўлган пул маблағларини ўтказиб беришган.

Алданганлардан бири Ўш шаҳрининг 53 ёшдаги турғуни 2 март куни милицияга ариза билан мурожаат қилган. Аризада у Алиев кўчасида жойлашган Charge fast ишхонасига 195 минг сом пулини ўтказиб, алданиб қолганини айтиб, уларга нисбатан чора кўришни илтимос қилган. Ишхона офисини ва расмий веб-сайтини ёпиб, қочиб кетган.

Мурожаат юзасидан тўпланган материаллар Ўш шаҳар ички ишлар бўлимида расмийлаштирилиб, терговга қадар текширувлар бошланди.

Текширув давомида мазкур корхона томонидан алданиб қолган бошқа фуқаролар аниқланди. Бугунги кунда уларнинг умумий сони 41 тани ташкил этади.

«Шикоятчиларнинг бари Charge fast ишхонасининг пулларини икки бараварга кўпайтириб, тезда бойиб кетиши таклифига алданиб қолганларини билдиришди. Улар пулларини ишхона ҳисобига «Мбанк» орқали ўтказиб туришган. Жабрланувчилар бундан ҳам кўп. Зарар кўрганларнинг умумий харажатлари аниқланмоқда», —деб айтилади милициянинг маълумотида.

Айни пайтда ушбу ишхона муассисларининг шахсига аниқлик киритилиб, қидирув эълон қилинган. Улардан бири, Жалолобод вилояти Қоракўл шаҳрида яшовчи 48 ёшли фуқаро Бишкек шаҳрида милиция томонидан қўлга олиниб, вақтинчалик ҳибсга олинган.

Аввалроқ, Иссиқкўл вилоят ИИБи тарафидан мазкур ишхонанинг Қоракўл шаҳридаги 47 ва 49 ёшли икки вакили қўлга олинган. Уларга «Фирибгарлик» моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, вақтинчалик ҳибсга олинган.

Ички ишлар вазирлиги Бишкекда худди шундай фаолиятнинг яна тўрт нафар вакили қўлга олингани ҳақида хабар берди. Бишкекнинг Биринчи Май туман милициясига компания устидан 100 дан ортиқ одам ариза билан мурожаат қилган.