Боткенда экстремистик материалларни тарқатишда гумонланган 28 ёшдаги фуқаро қўлга олинди

249
Гумондор. Сурат: Боткен вилоят ИИБи

Боткен вилоятида давлат ҳудудида тақиқланган диний экстремистик материалларни ижтимоий тармоқларда тарқатиб юрган 28 ёшли шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят милициясидан 29 январда билдиришди.

Маълумотга кўра, бунга қадар милицияга Боткен вилоятининг турғуни экстремистик аудио материалларни ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилиб юргани бўйича маълумот келиб тушган.

Мазкур факт Боткен вилоят ИИБнинг электрон журналига қайд этилиб, гумондорнинг интернет саҳифасидаги аудио материаллар кўчириб олинган, экспертизага юборилган.

Экспертиза натижасига кўра, бу аудио материаллар экстремистик ва террористик ташкилотларга тегишли экани аниқланди.

Гумондорга нисбатан «Экстремистик материалларни тайёрлаш, тарқатиш» моддаси асосида жиноят иши қўзғалди. Унинг яшаётган уйини тинтув қилиш пайтида 6 та уяли телефон ва 6 дона диск олинган.

Ҳозирда тергов амаллари давом этмоқда.

Муаллиф: Хасанбой Моминжанов