ИИВ Temirov Live’нинг идорасига муҳр босиб, етакчиси Тажибек қизини сўроққа олиб кетди

287

ИИВнинг ходимлари Temirov Live’нинг офисини муҳрлаб, лойиҳа раҳбари Махабат Тажибек қизини сўроққа олиб кетишди. Шунингдек, улар офисдан жиҳоз ва ҳужжатларни ҳам олиб кетишди.

Тажибек қизининг айтишича, идорадаги тинтув ва ҳибслар журналистларнинг Ички ишлар вазирлиги раҳбари Уланбек Ниязбеков ҳамда депутат Надира Нарматова ҳақидаги материаллари билан боғлиқ. Бироқ айнан қайси материал ҳақида гап бораётгани маълум эмас.

Бунгача ИИВ Temirov Live ва «Айт Айт Десе» лойиҳасига нисбатан «Оммавий тартибсизликлар» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берган эди.

Муассаса хабарига кўра, милиция ходимлари 2023 йил 30 декабрь куни интернет тармоғида мониторинг ўтказиб, Temirov Live ва «Айт Айт Десе» саҳифаларида чоп этилган материалларда «оммавий тартибсизликларни қўзғатувчи белгилар» борлигини аниқлаган.

Ўтказилган экспертиза асосида ИИВ тергов хизмати томонидан «Ҳокимиятнинг қонуний талабларига фаол бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликлар уюштиришга, шунингдек, фуқароларга нисбатан зўравонликка чақириш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.

16 январь куни эрта тонгда милиция ходимлари бир қатор журналистларнинг уйларида тинтув ўтказиб, уларни оммавий ҳибсга олган. Улар орасида Temirov Live ва «Айт Айт Десе»  лойиҳаларининг ҳозирги ва собиқ 10 нафар ходими ҳам бор. Уларнинг айримлари ИИВнинг тергов бошқармалигига етказилди.