Жогорку Кенешнинг депутатлари байроқни ўзгартириш ташаббусини дарҳол икки ўқишда қўллаб-қувватлади

1140

Жогорку Кенешнинг депутатлари 20 декабрдаги йиғилишда Давлат байроғини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини дарҳол иккинчи ва учинчи ўқишда маъқуллади. Энди президент Садир Жапаров қонунни имзолаши керак.

Байроқни ўзгартириш ташаббусини 59 депутат қўллаб-қувватлади, беш нафар халқ вакиллари: Мирлан Самийкожо, Дастан Бекешев, Нуржигит Қадирбеков, Медер Алиев ва Сеидбек Атамбаев қарши чиқди. Йиғилишда яна 15 нафар депутат қатнашди, бироқ овоз бермади.

Парламент спикери Нурланбек Шакиев ҳамкасбларини «байроқ ўзгаргани» билан табриклади. У «бу чақириқ аввал байроқни қабул қилган чақириқ каби афсонавий бўлиб қолишини» билдирди.

Мазкур қонун лойиҳаси кеча парламентнинг Конституциявий қонунлар қўмитасида ҳам кўриб чиқилиб, дарҳол иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинган. Ўшанда айрим депутатларнинг таклифи кеч киритилгани сабабли рад этилган.

Аввалроқ Бишкекда бўлиб ўтган Халқ қурултойи иштирокчилари «байроқни ўзгартиришга халқ қарши эканини» айтиб, Шакиевни бу ташаббусдан воз кечишга чақирган эди. Жапаров эса байроқни ўзгартириш ташаббуси ўзига тегишли эканлигини айтиб, қурултой иштирокчиларидан қўллаб-қувватлашни сўради.

Байроқни ўзгартириш ташаббуси  

Жогорку Кенешнинг 29 ноябрдаги йиғинида давлат байроғини ўзгартириш бўйича қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланган. Байроқни ўзгартиришга 66 депутат розилигини берган бўлса, саккиз нафар депутат қарши бўлган.

Айрим депутатлар «мазкур қарорни қабул қилмай, масала референдумга қўйилиши кераклигини» айтган. Мирлан Самийкожо эса унинг ўрнига бошқа биров байроқни ўзгартиришга «маъқул» деб овоз бериб қўйганини айтиб чиққан.

Қонун лойиҳасининг ташаббусчилари — парламентнинг етакчиси Нурланбек Шакиев ҳамда депутат Улан Примов.

Байроқни ўзгартириш ташаббусини президент Садир Жапаров билан МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев ҳам қўллаган. Аммо ижтимоий тармоқнинг айрим фойдаланувчилари бу ташаббусга қарши бўлиб, байроқ ўзгартирилмасин деган флешмоб бошлашган.