Ташиев президент билан «аразлашиб юргани» ҳақидаги гапларни рад этди

280
Камчибек Ташиев ва Садир Жапаров

МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев Халқ қурултойига қатнашмаганини «уч кундан бери қаттиқ оғриб, энди ўзига келгани» билан тушунтирди. У 17 декабрда фейсбукка пост ёзиб, президент Садир Жапаров билан «аразлашиб юрибди» деган мааълумотларни инкор қилди.  

Ташиев президентнинг қурултойда у ҳақда айтганини ёдга солиб, «икки дўст мансаб учун ҳеч қачон тортишмайда» деб таъкидлади. Унинг айтишича, улар учун халқнинг тинч, фаровон ҳаёти — энг қиммат ва алмаштирилмас бахт.

«Президентимиз аввалги Конституциянинг асосида олти йилга сайланган, бугунги Конституциянинг асосида яна беш йилга иккинчи муддатга сайланиш ҳуқуқига эга. Шу сабабдан Садир Нургожоевични қўллаб-қувватлаб, халқимизга бирга хизмат қиламиз деган умиддаман. Саккиз йилдан кейин Садир дўстим каби халқим-юртим деб куйиб-ёнган қирғизимнинг бир инсони чиқади, худо хоҳласа!» — деди Ташиев.

Аввалроқ, 16-декабрдаги Халқ қурултойида Жапаров Ташиев иккисини  аразлаштириб, низо чиқариш бўйича ҳаракатлар «уч йилдан бери давом этаётганини» айтган.

«Мен президент бўлиб ўтираманми, Қамчибек Қидиршаевич ўтирадми, иккимиз учун фарқи йўқ. Чунки, у ҳам, мен ҳам ватан учун куямиз. Шу учун талашмайди, хижолат бўлмай қўяверинглар», — деб таъкидлаган давлат раҳбари.

Пойтахтдаги Миллий филармония залида 15-16 декабрда иккинчи Халқ қурултойи бўлиб ўтди. Унда таклиф этилган жами 700 делегатдан 695 нафари иштирок этди. Уларнинг 640 нафари вилоятдан, 30 нафари элат вакиллари, яна 30 нафари меҳнат муҳожирларидир.

Давлатимиз раҳбари анжумандаги нутқида иқтисодий ютуқлар, коррупцияга қарши кураш ҳақида гапирди, шунингдек, аёлларга нисбатан зўравонлик ва инсон ҳуқуқлари масаласига тўхталди.