Президент Садир Жапаров «Кабар» давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида журналистлар барча қизиққан саволлларига жавобни Қурултойнинг жонли трансляциясидан олишлари мумкин деб билдирди. У давлат агентлигининг нима учун икки йилдан бери йил ҳисоботи бўйича матбуот анжумани ўтказилмаётгани бўйича саволига шундай жавоб берди.
«Қурултой эса Конституцияда белгиланган. Ҳар йили сайланиб келган делегатларга маълумот беришим керак. Мана ўша ерда мамлакатда нима ишлар амалга оширилмоқда, нималар режалаштирилмоқда барини айтишга ҳаракат қиламан. Икки йилдан бери ўзингизлар гувоҳ бўлиб келаётганингиздек, икки кун давомида айтилган барча саволлардан кейин, охирида батафсил жавоб бериб келмоқдамиз. Ўша ерда журналистлар қизиққан саволларига жавоб оладилар деб ўйлайман. Ўша етарли деб ҳисоблайман», — деди Жапаров.
Жапаровнинг айтишича, айнан ўша қурултойда «халқни ўйлантираётган, жамоатчиликни қизиқтирган масалаларнинг ечими бўйича халқ фикри тингланади, фикр ва ҳаракатлар муҳокама қилинади».
«Бу яхши кўриниш. Дарҳақиқат, депутатлар ёки ҳокимлар, губернаторлар хабар ололмай қолган вазиятлар бўлар экан. Қурултойда бундай муаммоли масалаларни мамлакатнинг барча ҳудудларидан сайланиб келган делегатлар бевосита ҳокимият олдига қўяди ва тўғридан-тўғри жавоб олади. Охир оқибат, бу яхши нарса», — деб ҳисоблайди Жапаров.
Жапаров якуний матбуот анжуманида журналистлар ҳар йили бир хил саволларни бераётганидан норози бўлиб, ўз ва журналистларнинг вақтини беҳуда ўтказмасликка қарор қилган.
«Умуман олганда, “Фалончи ҳақида фалон сўз айтилмоқда, бу ҳақда шундай айтилмоқда, сиз нима дейсиз?” деган саволлар. Шундан сўнг матбуот анжуманига вақт ўтказиш ўрнига, журналистларнинг вақтини беҳуда ўтказмай, жамиятимизни қизиқтирган, резонанс яратган воқеаларга дастлабки жавоблар беришга ҳаракат қилдик. Мени ва журналистларнинг бунга алоҳида вақт ажратишига ҳожат қолмайди», деб билдирди президент.
Жапаров кетма-кет иккинчи йилдирки, йил якунида журналистлар учун матбуот анжумани ўтказишдан бош тортмоқда. Аввалроқ унинг матбуот котиби Аскат Алагозов матбуот анжумани бу йил президентнинг «тиғиз иш жадвали» туфайли ўтказилмаслигини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, Жапаров иштирок этган тадбирларда жамоатчиликни қизиқтирган саволларга жавоблар аллақачон берилмоқда.
«Яқинда Халқ қурултойи, ҳудудий ва хорижий сафарлар бор. Йилнинг охирида Вазирлар маҳкамасининг мажлисини ўтказиш ҳам режалаштирилмоқда», — деган Алагозов 24.kg’га.