Қорасув: Солиқ хизматининг бўлим бошчиси зўрлашда гумонланиб, сўроққа олинди

Ўш вилоятининг Қорасув туманининг турғуни қизини 32 ёшдаги қўшниси зўрлаб, ҳомила бўлиб қолгандан кейин «таҳдид йўли билан ҳомиласини туширувчи дориларни берганини» айтиб чиқди. У «Т-Медиа» телеканалига гумонланувчи Қорасув туман солиқ хизматининг бўлим бошчиси эканини билдирди.

Ўш вилоят милициясидан «Клооп»га 12-декабрда бу иш бўйича текширув олиб борилаётганини маълум қилишди.

Қорасувнинг турғуни Асадилла Ибайдуллаев 30 ёшдаги қизини 32 ёшдаги ҳамқишлоғи зўрлаб, ҳомила бўлиб қолганини 11 декабрда билдирган. Қизнинг яқинлари гумонланувчини қонун доирасида жазолашни талаб қилмоқда.

«Тегишли идоралардан қизимни зўрлаган зўравонга қонун доирасида чора кўриб беришини сўрайман. Қанчалаб яширилиб қолган шу каби воқеалар очилиб, зўравонлар қонун олдида жазоланишини талаб қиламан», — деди жабрланувчининг онаси.

Жабрланувчи томон бунга қадар Қорасув туман солиқ бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, гумонланувчини ишдан бўшатишни талаб қилган. Муассаса бошлиғи ўринбосари эса «мурожаат тегишли жойга юборилганини» айтган.

Милиция нима дейди?

Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси «Клооп»га шу йилнинг 29 ноябрь куни Қорасув шаҳрида яшовчи 30 ёшли фуқаро ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилганини тасдиқлади. Июль ойида у 32 ёшли қишлоқдоши уни «ўз хоҳишига қарши зўрлаган»ини айтган.

Мазкур ҳолат ички ишлар органларининг электрон журналига қайд этилиб, терговга қадар текширувлар бошланди. Тегишли экспертиза тайинланган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.