Ўш шаҳридаги Масалиев кўчасида жойлашган кафенинг ер тўласидаги меҳмонхона интим хизмат кўрсатувчи жой экани аниқланди. Бу ҳақда 2 декабрда Ўш шаҳар милицияси хабар берди.
Мазкур жойни ташкил этишда гумон қилинган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. У ерда ишлаган 24, 26, 29 ва 32 ёшли тўрт нафар қиз эса милиция бўлимига олиб борилиб, профилактика чоралари кўрилди.
Уларнинг қўшимча қилишича, милиция Ўш шаҳрида интим хизмат кўрсатувчи жойларни аниқлаш бўйича рейд ўтказмоқда.
30 ноябрда МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиэв давлат ва муниципал идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарларига 1 декабрга қадар «интим хизмат» кўрсатувчи биноларни ёпишни буюрган.
У қайси бир ҳудудда бундай жойлар топилса, ўша ернинг маҳаллий ҳокимият раҳбарлари ва куч тузилмалари раҳбарлари зудлик билан эгаллаб турган лавозимларидан четлатилишидан огоҳлантирган.
Шундан буён Қирғизистоннинг барча ҳудудларида интим хизмат кўрсатувчи жойларни аниқлаш мақсадида рейдлар ўтказилиб, сауналар, меҳмонхоналар, ижарага олинган хонадонлар текширилмоқда.