«Айб қўйганларнинг ўзлари — аҳмоқлар» — блогер Жекшеналиев жиноий иши ҳақида

237

27-ноябрда Бишкекнинг Биринчи май туман судида «Оммавий тартибсизликлар» моддаси бўйича айбланаётган 20 ёшли фаол ва блогер Ирис Жекшеналиевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш давом эттирилди.

Суд мажлисида Жекшеналиев ўзи сўз олди. Ўзига қарши қўйилаётган айбни «абсурд» деб атаб, терговда ҳеч қандай далил йўқ деди. У судья уни оқлаб, судьяни адаштирган прокурорни жавобгарликка тортиш керак деб ҳисоблайди.

«Айблов асоссиз ва бу айбни қўйганларнинг ўзлари аҳмоқ. […] Мана, прокурор 15 ойдан бери бу ерда бошини ерга эгиб ўтиради, сабаби адолатсиз, ҳеч қандай далили йўқ, мендан уялиб ўтиради», — деб билдирди фаол.

Бундан ташқари, Жекшеналиев соғлиғи ёмонлашаётгани ҳақида ҳам айтди. Унинг айтишича, юраги оғриб, «гепатитнинг номаълум формасини» юқтириб олган.

«Менинг соғлиғимни ҳисобга олиб, ишнинг асоссиз ва далилсиз эканини эътиборга олиб мени оқлаб беришингизни сўрайман. […] Президентимиз ва [МХДҚ бошчиси Ташиев] Камчибек Кидиршаевич ҳам сиёсий таъқиблар бўлмайди деб айтди. Аммо менинг ишим [сиёсатлашиб] бормоқда. Шунинг учун президентнинг сўзи ҳақиқат, суд ҳукумати мустақил деб мени тўлиқ оқлашингизни сўрайман», — деди у.

«Қилим Шами» жамоат фонди билдиришича, томонларнинг айтишувидан кейин судья кейинги суд мажлис бошланиб қолганидан ҳукм чиқаришга улгурмаганини айтди. Ўз навбатида прокурор ишни кўриб чиқиш муддатини яна бир ойга жилдиришни сўради, судья бу илтимосни қаноатлантирди.

Фаолга ҳукм чиқиши керак бўлган мажлис 4-декабрь соат 16:30 га жилдирилди.

20 ёшли блогер Ирис Жекшеналиев 2022 йилнинг 14-августида МХДҚнинг собиқ раиси Абдил Сегизбаевнинг Facebook саҳифасидаги эски видеосини «Полит Узник» саҳифасига жойлагани учун ИИВга сўроққа чақирилиб, қўлга олинган. Бу видеода Сегизбаев Норин вилоятидаги Жетим-Тоо конини ишлатмай, келажак авлодга қолдириш кераклигини айтган.

Жекшеналиевга нисбатан «Оммавий тартибсизликлар» («Ҳукумат вакилларининг қонуний талабига бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликларга чақириқлар, шунга тенг фуқароларга зўравонлик кўрсатишга чақириқлар») моддаси бўйича жиноят иши қўзғалган. Бу иш бўйича давлат айблови уни етти йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган.

Жогорку Кенешнинг депутатлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари судни фаолни бўшатишга, ИИВни унга қарши жиноят ишини тўлиқ тўхтатишга чақиришган.