Қирғизистонда жорий йилнинг ўн ойида оилавий зўравонликнинг 10 минг 400 ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда 24 ноябрь куни ички ишлар вазирининг ўринбосари Октябр Урмамбетов маълум қилди.
Унга кўра, оиладаги зўравонликдан 3564 нафар аёл ва 1425 нафар ўсмир жабр кўрган.
Урмамбетов Қирғизистонда оилавий зўравонлик ҳолатлари ўтган йилга нисбатан кўпайганини аввалроқ ҳам билдирган эди.
Аввалроқ, 20 ноябрь куни президент маъмуриятининг ахборот сиёсати хизмати раҳбари Дайирбек Ўрунбеков аёлларга нисбатан зўравонликни муҳокама қилганларни танқид қилган эди.
У бундай ҳодисаларни “манфаатдор томонлар сиёсати” деб атаб ва мамлакатда “хотин-қизларга нисбатан зўравонлик кучаяётгани ҳақида ўз фикрини билдираётганлар” кузатилаётганини таъкидлаган. Шунингдек, у аёлларга нисбатан содир этилган жиноятлар “жуда кам учрайди, мингдан бир” деб ҳисоблайди.
Қирғизистонда аёлларга нисбатан зўравонлик
Шунга қарамай бу йил Қирғизистон дунёдаги аёлларнинг фаровонлиги ва хавфсизлиги бўйича глобал индексда (WPS Index) 177 мамлакатнинг орасидан 95-ўринни эгаллади.
Бу кўрсаткич билан Қирғизистон иккинчи йил қатори билан Марказий Осиё минтақасидаги аёллар учун энг хавфли давлат деб топилди.
Қирғизистонда қизларни никоҳга олиш учун мажбурлаб олиб қочишади, зўрлашади ва ўлдиришади. Аёллар эрининг, бирга яшаган одамининг, собиқ эрининг ва таниш қатори юрган эркаклар томонидан ўлдирилиш воқелари йил сайин ўнлаб қайд этилади. Халқаро тажрибада бу фемицид деб аталади.
Бундай қадамга эркаклар аёлларни ёмон кўрганидан, гендер таҳқирлаш натижасида ҳамда/ёки давлат гендер зўравонлигига билиб туриб кўз юмган ҳолатларда боришади.
Фемицид эркак аёлдан юқори туради деган ғоядан келиб чиқади, масалан, аёл кишининг ўз мулки қатори кўришдан пайдо бўлади. Кўпинча, фемицид стереотип бўлиб қолган гендер ролларга бўйсунишга мажбурлашда — эркак қандай деса аёл ўзини шундай олиб юриши керак, шундай кийиниши керак дегандан келиб чиқади.