Бишкек: Бакиевнинг Қирғизистонга қайтиб келишига қарши бўлганлар акцияга чиқди

311

Бишкекда 2010 йилдаги Апрель инқилобида ҳалок бўлган ва яраланганларнинг яқинлари қочқин президент Курманбек Бакиевни давлатга қайтишига қарши акция ўтказди.

Сурат: Азаттык

25-ноябрда «Мекен шейиттери» ҳаракати, «Айкўл Ала-Тоо» бошчилигидаги саккиз жамиятнинг вакиллари ва апрелчилар пойтахтдаги Горький номидаги боғда йиғилиб, президент Садир Жапаровга мурожаат қилишди.

«Ўз халқини қонга ботириб, қирғиз давлатини тўнаб кетиб, чет ўлкада бизнес қилиб юрган Курманбек Бакиев Қирғизистонга қайтишнинг йўлларини излаяпти. Унинг қурбон бўлганларга хун тўлаб, ярадорларга пул бериб, халқдан кечирим сўрасам деган ҳаром ўйи амалга ошмайди! Ҳаром пулни олмаймиз!» — деб таъкидлашди акцияга чиққанлар.

Шунингдек, йиғилганлар давлат раҳбари «Бакиев келса қамоққа олинади» деганини эсга солиб, сўзида туришни талаб қилишди.

Курманбек Бакиев — Қирғизистоннинг тахтдан қулатилган иккинчи президенти. 2010 йилдаги апрель воқеаларидан кейин оиласи билан Беларусга қочган, у ердан бошпана олиб, бугунги кунгача ўша ерда яшаб келади.

Суд Бакиевни сиртдан 30 йилга озодликдан маҳрум қилган, унинг 25 йилини у кучайтирилган тартибдаги ахлоқ тузатиш колониясида ўтказиши керак. Бироқ қирғиз ҳукумати уни мамлакатга экстрадициялаш ҳаракатидан фойда бўлмаган.