Ўш вилоятининг Қорасув туман суди собиқ аёлини ўн жойига пичоқ уриб, қочиб кетган гумондорни 2 йил 3 ойга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда «Клооп»га 13-ноябрда вилоят судининг матбуот хизмати билдирди. Аёлнинг яқинлари айбланувчи «камида 10 йилга кесилиши керак эди» деб норози бўлишмоқда.
Маълумотга кўра, туман судининг ҳукми 19-октябрда чиқди. Унга кўра, гумондор «Жиноят қилишга уриниш» ва «Аффект ҳолда одам ўлдиришга ҳаракат қилиш» моддалари асосида айбдор деб топилиб, жазони умумий тартибдаги колонияда ўтайди.
Бундан ташқари, суд айбланувчини жабрланувчи томонга моддий зарар учун 109 минг 661 сом, маънавий зарару чун 100 минг сом тўлашини маълум қилди.
Ўш шаҳрининг 37 ёшли турғуни, беш боланинг онаси Гулбахар Имаровани 3-майда собиқ эри болаларининг кўз олдида пичоқлаб кетган. Ўн жойидан пичоқланган аёл айбланувчи руҳий касалхонадан жавобгарликдан қочиш мақсадида «аффект ҳолда бўлган» деган хулоса тайёрлатиб олганидан норози бўлган.
Жабрланувчининг синглиси Гулумқан Қубаничбек қизи 14-ноябрда «Клооп»га изоҳ бериб, Қорасув туман суди «далиллар бўлишига қарамай адолатсиз қарор чиқарганини» билдирди.
«Биз 10 йилдан кўпроқ берилса керак деб ўйлаганмиз. Опам руҳий томондан жабрлангани кам бўлгандай, қандли диабет билан оғриб, ҳозирда Россияда даволанмоқда. Кимдан ёрдам сўрашни ҳам билмай қолдик. Собиқ эри опамни ювош, ишончидан фойдаланиб, уриб қўрқитиб юрган. Ҳеч қаерда ишламайди, болаларига келган ёрдам пулига ва опамни ишлаб топганига яшаб юрган. Ажрашиб кетса ҳам “мен сизларни оилалар билан йўқ қиламан, қўлингиздан ҳеч нарса келмайди” деб қўрқитиб юрган», — деб билдирди жабрланувчининг синглиси.
Қубаничбек қизи айбланувчи Гүлбахар Имарованинг болаларига «жинсий ҳаракатлар қилиб, қўрқитиб келганини» билдирди. Шунингдек, жабрланувчининг яқини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ва жамоатчиликка мурожаат қилиб, адолатли қарор чиқариб беришни талаб қилди.
«Россияда ишлаган вақтда поччам ичиб келиб, опамни уриб, ёнидаги боласига “шуни кўргинг келяптими?” деб у томонини кўрсатибди. Бу уч-тўрт марта такрорлангандан кейин опам қўрқиб, боласини Ўшга юборган. Ҳозирда болаларнинг ҳам руҳий ҳолати аянчли ҳолда. Суд органлари адолатли қарор чиқариб беришини сўраймиз. Кейин жамоатчиликдан ҳам ёрдам сўраймиз, ҳозир судларда биргина пул роль ўйнаркан. У жазо муддатини ўтаб чиққандан кейин бизни ўлдириб кетади, биз қочиб кетсакми деяпмиз, нима қилишни билмай қолдик», — деди Қубаничбек қизи.
Қирғизистондаги оилавий зўравонлик
Қирғиз жамиятининг балоси — оиладаги зўравонлик. 2022 йили Қирғизистонда аёлларга нисбатан зўравонлик бўйича умумий 6580 жиноят иши қўзғалган.
2021 йили Қирғизистон дунёдаги аёлларнинг фаровонлиги ва хавфсизлиги бўйича глобал индексда 97-ўринни олиб, Марказий Осиё минтақасида аёллар учун энг хавфли давлат деб топилган.
Amnesty International халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти эса 2021 йилдаги ҳисоботида Қирғизистонда аёлларга нисбатан зўравонлик кенг тарқалганини таъкидлаган.
Шунингдек, зўравонликдан омон қолганлар уларни хўрлаганларга бўлган иқтисодий тобеликдан ва жамиятдаги стигмадан зўравонликлар ҳақида маълум қилишдан қўрқишларини айтган.
Агар зўравонликнинг гувоҳи ёки қурбони бўлсангиз ёрдам олиш учун милиция ходимларига ва республика ҳудудларидаги инқироз марказларига мурожаат қилишингиз мумкин.