МХДҚ: «Оммавий тартибсизликка чақириш»да гумонланган киши Россияда қўлга олинди

221

15 ноябрда МХДҚ «оммавий тартибсизлик уюштиришга чақириқ қилган» деб қидирувда бўлган Нурбек Кайназаров Россияда қўлга олинганини маълум қилди.

Махсус хизматнинг маълумотида Жалолобод вилоятининг Олабуқа туманида туғилган 37 ёшли гумондор фейсбук саҳифасига «провокацион, ҳукуматни куч билан қулатишга, босиб олишга оид чақириқларни жойлагани» айтилади.

Бу бўйича МХДҚ «Ҳукуматни куч билан босиб олишга очиқ чақириқлар» моддаси билан жиноят ишини қўзғаб, гумондор халқаро қидирувга берилган.

Москвада қўлга олиниб, Қирғизистонга олиб келинган гумондор 20 ноябргача МХДҚнинг Жалолобод вилоятидаги бошқармасидаги тергов қамоғига киритилди.

Махсус хизмат тарқатган видеода Кайназаров «бунгача ҳукумат вакилларини танқид қилган видеоларни чиқаргани учун афсусланаётганини» айтган. Шунингдек, у Қирғизистонга келиб «ҳукуматнинг қилаётган ишларини ўз кўзи билан кўрганини» қўшимча қилган.

8 ноябрда фейсбукда «Мадумаровнинг яна бир тарафдори Нурик Кайназаров Россияда қўлга олиниб, Қирғизистонга олиб келиниб, адвокатлари киритилмай, қийноққа учрагани» ҳақида маълумот тарқаган эди.