Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарашли Отуз-Адир қишлоғида уч ҳарбий хизматчи йўл ҳалокатига учраб, уларнинг бири воқеа жойида вафот этди. Бу ҳақда «Клооп» га 7 ноябрда вилоят милицияси билдирди.
Маълумотга кўра, воқеа 7 ноябрга ўтар кечаси бўлган. Ҳарбий ходимлар Daewoo Leganza русумидаги енгил машинада катта тезликда кетаётиб, қизил чироқ ёниб туришига қарамай трассага чиқиб кетиб, юк ташувчи машина билан тўқнашган.
Натижада жароҳатланган икки ҳарбий хизматчи касалхонага ётқизилди. Ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда.
ИИВнинг маълумотига кўра, йил бошидан бери тўққиз ой ичида ўлкада 4 минг 880 йўл транспорт ҳодисаси содир бўлиб, 489 киши вафот этган.
Йўл ҳалокатида вафот этганларнинг 31 маҳаллий йўлларда ажал топса, қишлоқ-шаҳар ва аҳоли пунктларидаги йўлларда 99 одам вафот этган. Давлат аҳамиятидаги йўлларда 39, халқаро йўлларда 320 киши ҳалок бўлган.
Асосий саҳифадаги иллюстратив сурат.