Тоо-Ашу довонида ёнилғи ташувчи цистернанинг портлаши оқибатида яраланган иккинчи милиция ходими ҳалок бўлди

300
Марҳум Орозмамат Акуналиев ва Дилмурат Шамшиев Сурат: Баткен вилоят ИИБи

Ўш — Бишкек автойўлида ёқилғи моддаларини ташувчи машина ёнаётганда ҳайдовчини қутқаришга ҳаракат қилган Қизилқия шаҳар ИИБнинг яна бир ходими Орозмамат Акуналиев касалхонада вафот этди. Бу ҳақда 6-ноябрда Баткен вилоят милицияси билдирди.

Орозмамат Акуналиев — ИИВнинг Эргеш Алиев номидаги академиясини битириб, Ўзган ва Новқат туман ИИБларида, Ўш вилоят милициясида ишлаган.

2021 йилдан бери Қизилқия шаҳар ИИБнинг тергов хизматининг катта терговчиси бўлиб ишлаган. Марҳумнинг ортида 2 ўғил, 1 қизи қолди.

«ИИВ раҳбарияти, коллегия аъзолари ва бутун ички ишлар идоралари ходимлари бу хабарни эшитиб, афсусландик. Жасур йигитларимизнинг оиласига ва қариндошларига чуқур қайғу билан ҳамдардлик билдирамиз. Жойи жаннатда бўлсин», — деб билдиришди Ички ишлар вазирлигидан.

27-октябрда Ўш — Бишкек автойўлининг 96-чақиримида ёнилғи ташувчи машина шимолдан жануб томон келаётганда ағдарилиб, ёна бошлаган.

Иш сафари билан кетаётган жиноят текширув бўлимининг тезкор ходими, 41 ёшли Дилмурат Шамшиев ва 30 ёшли терговчи Орозмамат Акуналиев ҳайдовчини ёнғиндан қутқариш учун тўхташган. Ёрдам бериш вақтида куч тизими ходимлари ёнғинда жабрланиб, касалхонага етказилган.

Шамшиевнинг танаси ўтдан кўп жабрлангани учун 1-ноябрда вафот этган. Марҳум Қизилқия шаҳар ИИБнинг жиноят қидирув бўлимининг қидирув бўйича тезкор вакили, милициянинг майори. Ортида уч боласи қолди.