Олабуқа: Ўқувчиларининг қўлларига игна санчган ўқитувчи ишдан бўшатилди

281

Жалолобод вилояти Олабуқа туманига қарашли Оққўрғон қишлоғидаги Чингиз Айтматов номли 40-мактабда ўқувчиларнинг қўлларига игна санчган ўқитувчи ишдан бўшатилди. Бу ҳақда 3 ноябрь куни Таълим ва фан вазирлигининг матбуот котиби Гулмира Умоталиева маълум қилди.

Ушбу мактаб ўқитувчиси уч нафар 5-синф ўқувчисининг қўлига игна билан ургани ҳақидаги маълумот аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқалган эди. Бир ўқувчининг қўлига 17 марта игна санчилгани айтилган.

Таълим ва фан вазирлиги ҳодиса 24-октабр куни содир бўлганини таъкидлаб, мазкур факт юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди. Муассасанинг маълумотларига кўра, қирғиз тили ва адабиёти ўқитувчиси ўқувчилар топшириқни бажармагани учун шундай қадамга борган.

Таълим вазирлиги ўқувчиларнинг ҳуқуқлари доимо ҳимояланганлигини ва ҳеч кимнинг болаларга нисбатан зўравонлик қилишга ҳаққи йўқлигини қўшимча қилди.

Муаллиф: Рустам Турсунбеков