МХДҚ: Кўлбаевнинг жиноий гуруҳи аъзолари Сапар Исақовга қимматбаҳо автомобил берган

286

Собиқ бош вазир Сапар Исаковга марҳум криминал Камчи Колбаевнинг уюшган жиноий гуруҳининг аъзолари қимматбаҳо зирҳли машина бергани аниқланди. Бу ҳақда 30-октябрда МХДҚ билдирди.

Бу иш бўйича таниқли спортчи, грек-рим кураши бўйича Осиё чемпионатларининг бир неча марта совриндори, Олимпиада ўйинларининг иштирокчиси Мурат Рамонов қўлга олинди.

Сурат: МХДҚ
Сурат: МХДҚ

МХДҚ тарқатган маълумотда Рамонов Колбаевнинг жиноий йўл билан олинган мулкларини қонунийлигини кўрсатиш мақсадида ўзига ўтказиб, кейин айрим сиёсатчиларга ўтказиб бергани айтилади.

«2020 йилнинг октябрь ойида Рамонов 2015 йили чиққан “Мерседес-Бенц S600” зирҳли машинасини собиқ бош вазир Сапар Исаков қамоқдан чиққанда ўтказиб берган. Ўша йили 5-октябрда Исаков айрим сиёсатчилар билан биргаликда бу машинадан марказий “Ала-Тоо” майдонида оммавий тартибсизликлар уюштириш ҳаракатида фойдаланган», — дейишди махсус хизматдан.

Сапар Исаков ким?

Сапар Исаков 2017-2018 йиллари бош вазир бўлган. 2019 йили Бишкек ИЭМни янгилашдаги коррупция иши бўйича 15 йилга судланган.

Кейинчалик Исаковга тарих музейини ва Чолпон-Атадаги отчопарни реконструкциялашдаги коррупция бўйича айб қўйилган. У умумий 18 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Исаков 2020 йили 6-октбярга ўтар кечаси колониядан чиқарилган. Унда парламент сайловининг натижасидан норозилар Оқ уйни босиб олиб, кейин сиёсатчиларни колония ва ТИЗОдан чиқара бошлашган.

Колониядан чиққандан кейин Исаков ахлоқ тузатиш жойига қайтмаган — Жазони ижро этиш давлат хизмати 2020 йилнинг 13-октябри — собиқ хукумат бошчиси Исаков учун қамоққа қайтишнинг сўнгги куни эканини билдирган. Исаков қайтиб келмагани учун «қамоқдан қочиш» моддаси бўйича судгача текширув бошланган.

2020 йилнинг 26-октябрида ЖЎДХ Исаковни халқаро қидирувга берганини билдирган. Исаков қаерда экани ҳамон номаълум.