Боткенда бунга қадар бир неча бор жавобгарликка тортилган фуқарони отиб ўлдиришди

Боткен вилоятининг Қизилқия шаҳридаги дўконларнинг бирида, бунга қадар бир неча бор жиноий жавобгарликка тортилган 32 ёшли шахс отиб ўлдирилди. Бу ҳақда 27 октябрда Боткен вилоят ИИБдан билдиришди.

Маълумотга кўра, 25 октябрь соат 02:15 чамасида, Қизилқия шаҳридаги спиртлик ичимликларини сотувчи дўконда жанжал бўлиб, номаълум шахс ўқ отувчи қурол билан бошқа шахсни отиб юборгани тўғрисида Қизилқия шаҳар ИИБга хабар келиб тушди.

Суриштирув натижасида, Қизилқия шаҳрининг 32 ёшли турғуни ва Караван қишлоғининг 27 ёшли фуқароси ўртасида фикр келишмаслик чиқиб, 27 ёшли гумондор 32 ёшли марҳумни қорнига отиб, воқеа жойидан ғойиб бўлган.

Жароҳат олган шахс Қизилқия шаҳрининг умумий амалиёт марказининг жонлантириш бўлимига етказилиб, олган жароҳати туфайли вафот этган.

Бу факт бўйича «Қотиллик» моддаси асосида жиноят иши қўзғалиб, гумондорни қидирув ишлари давом этмоқда.

Милиция маълумотига кўра, қотиллик қурбони бўлган шахс ва қидирувдаги гумондор — иккиси ҳам аввал бир неча бор жиноий жавобгарликка тортилгани аниқланди.

Ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда.

Бунга қадар, май ойида Ўш шаҳрида 31 ёшли шахс 41 ёшли танишини калтаклаб, ундан сўнг болта билан чопиб ўлдирган.

Гумондор Ўш шаҳрида яшаган танишининг уйига меҳмонга келиб, бир неча шиша спиртлик ичимлик ичгандан сўнг уй эгаси билан жанжаллашиб, муштлаша кетишган.

Бош саҳифадаги иллюстратив сурат.