Ўш: Уч ўқувчини машина уриб кетди ва улардан бири касалхонада вафот этди

Иллюстратив сурат

Ўш шаҳрида уч ўқувчини машина уриб кетди ва улардан бири касалхонада вафот этди. Маълумотни 12 октябрда «Клооп»га шаҳар милициясидан тасдиқлашди. Гумондор ҳайдовчининг гувоҳномаси йўқ экани, бунга қадар ҳам 11 ёшли ўсмирни уриб кетгани айтилди.

Маълумотга кўра, воқеа 5 октябрь соат 13:50 чамасида, Ўш шаҳридаги Осмонов кўчасида рўйхатга олинган. Унда 36 ёшли ҳайдовчи Toyota Scion русумидаги машинаси билан пиёдалар йўлагидан ўтиб кетаётган 3 ўқувчини уриб кетган.

Ҳодиса оқибатида 13 ва 7 ёшли икки ўсмир жароҳатланиб, Ўш вилоят болалар касалхонасига етказилган. Бош суягидан жароҳатланган 13 ёшли ўсмир, Ўш шаҳар касалхонасининг мия жарроҳлиги бўлимига ётқизилиб, амалиёт қилинган. Бироқ у ўзига келмай 11 октябрда вафот этди.

Ўш шаҳар Йўл патруль хизмати машинани бошқарган ҳайдовчининг гувоҳномаси йўқ экани аниқланганини билдирди.

Ҳозирда мазкур факт бўйича суриштирув ишлари бошланиб, машина жарима майдончасига киргизилди. Жабрланувчи томонлар эса ҳайдовчига нисбатан «ариза ёзишдан бош тортгани» айтилди.

«Турмуш» нашри, гумондор жорий йили 9 сентябрда Ўш шаҳрига қарашли Жапалак қишлоғида яна йўлдан ўтиб кетаётган 11 ёшли ўсмирни ҳам уриб юборганини ёзиб чиқди. Бахтсиз ҳодиса оқибатида ўсмир жароҳатланиб, касалхонага мурожаат қилган.