МХДҚ Колбаев жиноий гуруҳининг қирқдан ортиқ аъзосини қўлга олганини хабар қилди

254

МХДҚ қўлга олиш вақтида йўқ қилинган криминал Қамчи Колбаевнинг уюшган жиноий гуруҳининг қирқдан ортиқ аъзоси қўлга олинганини билдирди.

Махсус хизматнинг маълумотига кўра, Колбаевнинг ноқонуний йўл билан олинган барча мулкларини дастлабки баҳоси 1 млрд АҚШ долларини ташкил қилади, улар қамоққа олинди.

«Колбаев, яқинлари ва сафдошларининг 850дан ортиқ ноқонуний кўчмас мулки: хусусий уйлар, коттежлар, элитали клублар, дам олиш марказлари, пансионатлар, ресторанлар, ер участкалари, отхоналар, овчилик ерлари, 60дан ортиқ қимматбаҳо машиналар, заргарлик буюмлари ва бошқалар бор. Қурилаётган икки бинода Колбаев 700дан ортиқ квартирага эга бўлган. Жиноий йўл билан олинган мулкларни давлат даромадига айлантириш иши бошланди», — дейишди МХДҚдан.

Билдирувда Колбаев жиноий гуруҳни 2008 йили тузиб, мақсадли «жиноий империя» тузиб, яқинлари билан бирга бойишни кўзлагани айтилган.

Терговнинг маълумоти бўйича, Колбаевнинг мулкини бир қисми давлат тасарруфидан чиқарилган ва тадбиркорлардан тортиб олинган. Яна бир қисми жазони ижро этиш муассасаларида ўтирган одамлар, уларнинг яқинларидан тез-тез пул талаб қилиш билан бўлган.

«Бу Колбаев ва унинг атрофидагиларнинг ноқонуний мулкларини қидириш ишларини дастлабки натижаси, қидирув ишлари давомида чет давлатларида ҳам, жумладан, унинг бизнес манфаати бўлган Россияда, Қозоғистонда, Грузияда, Туркияда, БААда ва Японияда давом эттирилади», — дейишди махсус хизматдан.

МХДҚ аниқланган мулк тегишли томонларга қайтарилишини таъкидлаб, энди жиноий гуруҳларга қатъий чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.

Бунгача ўзини Колбаевнинг аёлиман, деган аёл ҳукуматдагилардан яқинларини тинч қўйишни сўраган. У турмуш ўртоғи умри давомида ҳалол меҳнат билан пул топганини таъкидлаб, кредитга қурилган бинолар уларнинг ягона даромад манбаи эканини айтиб, ҳукуматдан даромадсиз қолдирмасликни сўраган.

Колбаевнинг ўлими

Қамчи Колбаев — Қирғизистон ва Марказий Осиёнинг энг машҳур криминалларидан бири бўлган. У уюшган жиноий гуруҳнинг лидери сифатида ИИВнинг рўйхатида турган. У республикада «қонундаги тождор ўғри» сифатида танилган.

Колбаев 4 октябрда қўлга олиш операцияси вақтида МХДҚ томонидан йўқ қилинган. Уни қўлга олишга яна бир уюшган жиноий гуруҳнинг бошчиси «Дев Чингиз» лақабли Чингиз Жумагуловнинг ўлимига алоқаси бор дейилган ариза сабаб бўлган.

Қўлга олиш вақтида криминал МХДҚ ходимларининг қонуний талабига бўйсунмай, қуролли қаршилик кўрсатгани айтилади.

МХДҚдан унга нисбатан «Уюшган жиноий гуруҳ тузиш», «Ноқонуний қурол айлантириш» ва «Одам ўлдиришга ҳаракат қилиш» моддалари билан жиноий иш қўзғалганини билдиришган.

Муаллиф: Айдана Айбек қизи