«Ҳеч қандай криминал мақомим йўқ». «Женго» лақабли Досонов мурожаат билан чиқди

263

«Женго» лақаби билан танилган криминал Қадирбек Досонов ҳозирда ҳеч қандай криминал мақоми йўқлигини билдирди. Унинг мурожаати ижтимоий тармоқларда 6-октябрда эълон қилинди.  

«Қирғизистоннинг қонунларига итоат қилиб яшаяпман. Бунгача ноқонуний ишларим учун қонун олдида жавоб берганман. Ҳозир ҳеч қандай криминал мақомим йўқ. Қирғизистонимизда тинчлик, омонлик бўлсин», — деди у.

53 ёшли Досонов Ўшдаги уюшган жиноий гуруҳнинг бошчиси экани айтилади. У бунгача оғир жиноятларда айбланиб, бир неча марта судланган.

Досоновгача «Сакал» лақабли криминал Улан Токтосунов ҳам жиноят оламидаги мақомидан бош тортганини билдирган.

4 октябрда қонундаги ўғри Қамчи Колбаев МХДҚнинг қўлга олиш операцияси вақтида ўлдирилган. Махсус хизматдан уни қўлга олишга уюшган жиноий гуруҳнинг бошчиси «Дев Чингиз» лақабли Чингиз Жумагуловнинг ўлимида алоқаси бор дейилган ариза сабаб бўлганини айтишган.

МХДҚ бошчиси Камчибек Ташиев уюшган жиноий гуруҳнинг аъзоларига, унинг орасида Колбаевнинг яқин атрофидагиларга мурожаат қилиб, «агар кимдир бош кўтарадиган бўлса, қонун доирасида жазоланади» деб огоҳлантирган.