Ҳақиқатчи эри томонидан зўравонликкка учрагани айтилган аёлнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирди

226

Ҳақиқатчи Жамиля Жаманбаева милиция, суд ва прокуратурага мурожаат қилиб, фуқаролик никоҳдаги эри кўп йилдан бери зўравонлик кўрсатган аёлнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирди.

Маълумотга кўра, 34 ёшли жабрланувчи Ҳақиқатчи институтига ариза билан мурожаат қилган. У 14-сентябрда бирга яшаган одами уни қаттиқ калтаклаб, билакларига иссиқ дазмол босиб, кейин зўрлаганини айтиб берган.

Зўравонликка учраган аёлнинг жароҳатлари. Сурат ижтимоий тармоқдан олинди.

Жабрланувчи воқеа уларнинг уйида бўлганини, кичик қизи бошқа хонада ўтирганини таъкидлаган. Гумондор American school’нинг директори экани маълум қилинган.

«Аёл зўравонликдан амаллаб қутилиб, ички кийимда, яланг оёқ кўчага қочиб чиққан. Қўриқчининг хонасига яшириниб, қўшниларидан ёрдам сўраган. Улар аёлни ишга етказиб, зарур ёрдамни беришган. У ўша куни милицияга мурожаат қилган», — деб билдиришди муассасадан.

Бу бўйича Бишкекнинг Октябрь туман милицияси «Зўрлаш» моддаси билан жиноят иши қўзғаган. Туман суди гумондорни икки ойга қамоққа олган.

Айбланувчининг адвокати туман судининг қарори бўйича шаҳар судига ариза берган. 6 октябрга белгиланган суд мажлиси, адвокатнинг бетоблиги сабаб тўққизига жилдирилган.

Ҳақиқатчи институтидан жабрланувчи «суд гумондорни озод қилиб, у яна зўравонлик қила бошлайди деб, қўрқаётганини» қўшимча қилди.

«Олдин ўлимдан қўрқмасдим, у ҳақда ўйламасдим ҳам. Ҳозир жуда қўрқиб қолдим, озгина овоз чиқса қалтираб кетаман. Бошимдан ўтган дўзах азоби яна бошланадими деб, хавотирга тушаман. Турмуш ўртоғим, калтаклаб, зўрлаб юрган. Аммо оғиз очишдан қўрқардим, сабаби у “қизимни олиб кетаман, ҳеч қачон кўрмайсан” деб қўрқитарди. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига мурожаат қилсам, барибир жазодан қутилиб кетадигандай туюларди. Ҳозирда шундай хавотирдаман. Қизим учун қўрқаман», — деган жабрланувчи аёл.

Ҳақиқатчи Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармасининг етакчиси, пойтахтнинг прокурорини бу ишни ўз назоратига олишга чақирди.

Қирғизистондаги оилавий зўравонлик

Оиладаги зўравонлик — республикадаги энг муаммоли масалалардан бири. Ички ишлар вазирининг ўринбосари Октябрь Урмамбетовнинг айтишича, 2023 йилнинг саккиз ойида оиладаги зўравонликнинг 8 512 ҳолати рўйхатга олинган.

У бу йил оиладаги зўравонлик ҳолатлари ўтган йилгига қараганда кўпайганини таъкидлаган. Расмий маълумотга кўра, 2022 йили ўлкада оиладаги зўравоникнинг 9 880 ҳолати қайд этилган.

2021 йили Қирғизистон дунёдаги аёлларнинг фаровонлиги ва хавфсизлиги бўйича глобал индексда 97-ўринни олиб, Марказий Осиё минтақасида аёллар учун энг хавфли давлат деб топилган.